Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Ҳалиям ёш боласизда, Умиджооооон!”
9.09.2022 23:18,  
1827

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” негадир шу шиорни эшитсам  беихтиёр хўрсиниб қўяман.

Деярли ҳар йили август ойининг охири сентябрь ойининг бошларида мустақиллик байрами баҳонасида бир-бирига эгизак каби ўхшаб кетадиган шиорлар корхона, ташкилотларнинг пештахталарига олиб чиқилади. Оммавий ахборот воситалари бонг уради!

Айниқса, бу жараён таълим даргоҳларида қизғин тус олади. Ҳатто бу шиорлар асосида дарслар, тадбирлар ташкил қилинади. Биз бу анъанамизга содиқмиз ва шу боис, 2022 йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамига бағишланган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида тадбирлар ташкил қилдик, дарс ўтдик, иншолар ёздирдик.

Хўш, шундай бўлса нима бўпти? Ҳамма биладиган одатий турмуш тарзимизни тўтидек такрорлашдан сенга нима наф, дейсизми? Албатта, мен мустақиллик арафасидаги бундай тадбирларга қарши эмасман! Ҳатто қўллаб-қувватлайман, аммо...

Ушбу икир-фикрларни ёзишимга ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги 38 умумий ўрта таълим мактабда олинган видео сабаб бўлди. Видеонинг остига шундай сўзлар ёзилганди: “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида бошланган ўқув йилининг илк кунида Пахтаобод туманидаги 38 мактабга ўқувчилар линолеумни кир қилиб қўймаслиги учун ялангоёқ киритилди”.

Нақадар аччиқ сарказм! Шу қисқагина ролик Ўзбекистонда инсон қадри қандай эканлигига ойна тутиб турибди.

Ушбу роликни кўрар эканман чет элда таълим олиб қайтган танишим билан ўртамизда бўлган суҳбатни эсладим. Гапимиз айланиб, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, инсон қадрини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар борасида тўхталдик.

У Ўзбекистондаги бу ислоҳотлар шунчаки қоғоздаги жимжимадор сўзлардан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади. Мен эътироз билдирдим. Ўзимча тиббиёт, транспорт ва бошқа соҳалардаги далилларни келтирган бўлдим.У мени тинглаб бўлгач шундай деди:

– Сизлар чириган деб атайдиган Ғарбдан ҳали кўп жиҳатларни ўрганишимиз лозим. Бу мамлакатларда деярли ҳеч ким халқнинг ёки инсон қадрининг азизлиги ҳақида оғиз кўпиртириб мақтанмайди. Шунчаки, улар инсонларни инсондек қадрлашади. Мисол учун, агар шаҳар мэри шифокор қабулига юзинчи бўлиб келса-ю, ҳатто ундан олдинда уйсиз – бомж турган бўлса ҳам, у ўз навбатини келишини кутади. У ҳеч қачон бу ўринда мансаби ва лавозимидан фойдаланмайди. Ёки қайсидир фуқаронинг, миллати, дини, ирқи ёки ижтимоий ҳолатига қараб уни топтаб ўтиб кетмайди. Сабр қилади. Фуқаролар-чи, унинг мэр эканлигини билмайди дейсизми? Улар аксар ҳолларда буни яхши билишади. Аммо бирор манфаат хоҳлаб унга хушомад қилиб ўз ўринларини бўшатиб беришмайди. Ҳатто телефонга чалғибми ёки бошқа сабаб билан ўз ўрнини вақтинча тарк этган бемор, ўрни ими-жимида эгаллаб олинмайди. Агар бизга ўхшаган бегона юртдан келган одам билмай дарров уни ўрнига эга чиқса борми? Навбатда турган беморлар унга жиддий эътироз билдиришади. Энг қизиғи, шифокор қабулига кириб, “иши битиб, эшаги сувдан ўтган”, бемор ҳам чиқиб кетаётиб, “мендан кейинги ўринда сен эмас эдинг, нега бировни ўрнига кирмоқчи бўлаяпсан, дея эътироз билдиради. Энди шу ўринга ўзбекларни қўйиб кўрадиган бўлсак. Улар ҳам шундай йўл тутишармиди? Улар ҳам инсон феноменига шундай ҳурматда бўлишармиди?

Сиз эҳтимол уларнинг бу хатти-ҳаракатини ҳурматсизлик ёки худбинликка йўйарсиз?! Қайсидир жиҳатдан балки шундайдир, аммо танганинг бошқа томони ҳам бор. Бу жараёнда кимлигидан қатъий назар инсон, алоҳида индивид эканлиги ва буни ҳурмат қилиш тамойили ётибди.  Ҳеч қайси мансаб, бойлик ёки қайсидир жиҳатдан устунлик бир шахсни иккинчисини ҳуқуқини поймол қилишига йўл бермайди.

Тасаввур қилинг, агар бу ҳолат Ўзбекистонда содир бўлса-чи, вилоят ҳокими бирорта шифохонага тўсатдан кириб қолса борми? Бутун шифохона оёққа туради. Бош врачдан тортиб, ҳамшираларгача худди доскага чиққан иккичилардек саф тортиб, эгнини қисиб, мулозамат қилиб туришади. Аслида бунинг тескариси бўлиши керак эмасми? Ахир у шифокор кўригига келаяпти. Иш жараёнини урганишга эмас.

Катта эҳтимол билан гарчи ҳокимнинг жароҳати арзимас бўлса ҳам ўлим тўшагидаги беморини ташлаб келиб, аввал уни даволашади. Агар ҳокимнинг келиши одатга кўра, бир ҳафта ёки бир неча кун аввалдан маълум бўлса-чи, унда ҳурмат юзасидан ўша куни бу ҳудудда ҳеч ким касал бўлмай туради, шундайми?!

У бир муддат юзимга истеҳзо билан кулиб қараб турди-да, кейин “Миллион” жамоасининг оммалашган, ҳазилидан иқтибос келтирди:Ҳалиям ёш боласизда, Умиджооооон!”

У шу гапи билан устимдан бир челак сув қуйгандек бўлди. Лом-лим дея олмай қолдим.

Хаёлимга шаҳар четидаги маҳалламиз одамлари келди. Бири новча, бири семиз, аммо уларнинг нуқтаи назарларида деярли фарқ йўқ. Улар дастлаб кийинишингизга, сўнгра машинангизга, ундан сўнг мансабингиз ёки бошқа моддий ва ижтимоий жиҳатларингизга қараб муомала қилишади. Агар бу гапингга қўшилмайман дейдиган бўлсангиз, уловингизни бошқа жойда қолдириб, усти бошингизга “хафароқ” кийим илиб, бир-икки кун уйингизга кириб чиқинг, дарров муносабат ўзгарганига гувоҳ бўласиз!

Дарҳақиқат, инсонга муомала қилиш жараёни нега бизда бундай? Нега фақат моддиятига ёки ижтимоий мавқега қараб муносабат қилинади. Унинг илми, маънавиятига қараб эмас.

Тўғри, ҳозир Собиқ иттифоқ давридаги каби пахта даласида овқатланиб ўтирган одамлар устидан самолётлар кимёвий дорилар сепишмаяпти.

Аммо машинасида одам туртиб юборган ҳайдовчи уловидан туша солиб, биринчи автомобилига назар ташлаяпти.

Айрим оилаларда илмлиларига эмас, топарман-тутарман фарзандларга яхшироқ муомала қилинмоқда.

Инсон қадри улуғ бу юртда аёлларнинг мардикор бозори бор. Ва улар ўша мардикор бозорларда ўз фарзандининг кўз ўнгида калтакланмоқда...

Бу фикрларни яна узоқ давом эттириш, кўплаб мисоллар ва сабаблар келтириш мумкин. Ҳатто бу мавзуда йиллаб туркум мақолалар эълон қилиш ҳам мумкин. Аммо натижа ўзгарармикин?! Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз бўлармикин..?

Абдулла НУР

Тавсия этамиз






Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан