Навоий шаҳри бепул Wi-Fi билан қопланади

Навоий шаҳри бепул Wi-Fi билан қопланади

Навоий шаҳрида фаолият юритувчи Sensorika корхонаси раҳбари Норбой Арзиев навоийликларга чексиз ва бепул Wi-Fi орқали интернетга уланишни тақдим этмоқчи. Арзиев лойиҳа синов-тажриба тарзида ишга тушганини маълум қилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган стартап лойиҳалар танловида ғолиб бўлган Норбой Арзиев Латвиядан 300дан ошиқ роутер ускуналарини импорт қилгани, лойиҳани тўлақонли ишга тушириш учун барча шароитлар ҳозирланганини айтиб берди.

«Айни пайтда шаҳарнинг 20та нуқтасида лойиҳа синов тарзида ишлаб турибди. Биз таклиф этаётган лойиҳанинг афзаллиги — аҳолига ҳақиқатан бепул ва чексиз интернетни тақдим этилишида. Шаҳарнниг исталган нуқтасидан тўлқин тармоғига уланган фойдаланувчи узлуксиз 1 Мбит/с тезликдаги интернет билан таъминланади», — дейди лойиҳа муаллифи.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, лойиҳа бўйича 1 млрд сўм давлат гранти ажратилган ва 2020 йилнинг ўзида шаҳар бўйлаб юқори тўлқинли 500та роутер ўрнатилиши кутилмоқда.

Ушбу лойиҳа жорий йилнинг 21 март куни — Наврўр байрами арафасида расман ишга туширилиш режалаштирилган. Муаллифнинг қўшимча қилишича, тезлиги 4 Мбит/с бўлган аналог узатма пулли обуна орқали тақдим этилади.