Жорий йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов ўтказилади. 15 сентябрь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида бу тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сайлов кампанияси 23 сентябрдан бошланади.
Мажлисда Пўлат Раззақович Бобожоновнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимига тасдиқлангани муносабати билан ва Мамат Эшкулович Хайдаровнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида берган ёзма аризасига кўра уларнинг сенаторлик ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, 23-Шоҳруд сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Уткир Шомуродович Холов Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси лавозимига ҳамда 70-Термиз сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдукодир Хамидович Тошкулов Термиз давлат университетининг ректори лавозимига тайинланганликлари муносабати билан уларнинг депутатлик ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек, округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш бўйича услубий тавсияларни тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Мажлисда Комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.