Forbes журнали Шавкат Мирзиёевнинг валюта ислоҳотига муносабат билдирди

17.09.2017 | Таҳлил | 4934

14 сентябрь куни дунёга машҳур Forbes журнали Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев юритаётган ички ва ташқи сиёсатга оид мақолани чоп этди.

Хитойнинг Ипак йўли ташаббуси туфайли Евроосиё харитадаги қайноқ нуқтага айланди. Минтақанинг бир вақтлар дунё учун ёпиқ бўлган энг кўп аҳолига эга мамлакати қайта ислоҳ қилинмоқда. Аввалига мамлакат Марказий банки миллий валюта — сўмнинг қадрини ошириш бўйича илк қадамларни ташлади. Бу ҳатто 5 сентябрь куни Bloomberg томонидан эътироф этилди, дейилади мақолада.

Кўҳна давлат ҳисобланган Ўзбекистонда ҳозирда катта иқтисодий ислоҳотлар кузатилмоқда. Кўп йиллар давомида давлатни бошқарган Ислом Каримовдан кейин янги сайланган президент Шавкат Мирзиёев ташқи дунёга янги ўзбек етакчиси сифатида танилмоқда.Қайд этилишича, Мирзиёев Евроосиё кузатувчиларига минтақанинг йирик ҳарбий державаси ниҳоят ўз иқтисодиётини модернизациялаштириб, бу жараёнда бошқа мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатаётганини исботлаб берди.

Президент этиб сайланганидан кейин Мирзиёев Туркманистон, Қозоғистон, Россия ва Хитойга борди. Ушбу ойда эса у Қирғизистонга ташриф буюрди. Мирзиёевнинг уч қўшни мамлакат – Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга ташрифи кучли сигнал ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаларини яхшилаш устида ишламоқда, деб ёзилади мақолада.

Ўзбекистон 2019 йилга бориб, тўлиқ валюта конвертациясига тайёрланмоқда, эркин савдо зоналари ривожланмоқда. Ўзбеклар эҳтиёткор. Уларнинг ташқи қарзи ЯИМнинг 20 фоизидан кам.

Қозоғистон шиддат билан ўсишини бошлаган пайтида Ўзбекистон ЯИМ борасида орқада эди. Бироқ мамлакат Қозоғистон каби қарзга ботмаган, хомашё товарлари кескин тушиб кетган бир даврда улар бу синовдан муваффақиятли ўтишди. Ўтган йили Ўзбекистон иқтисодиёти Хитой иқтисодиёти каби 7 фоизга ўсди, Қозоғистон эса – 1 фоизга, дея эътироф этилади мақолада.