Смартфонда тўхтовсиз ўйин ўйнаган хитойлик қизнинг кўзи кўрмай қолди

07.10.2017 | Жаҳон | 2662

Хитойда яшовчи аёлнинг смартфонда тўхтовсиз ўйин ўйнаганидан сўнг бир кўзи кўрмай қолди, деб хабар қилди South China Morning Post нашри.

Нашрда ёзилишича, 21 яшар қиз смартфонда кун бўйи тўхтовсиз ўйин ўйнаган, оқибатда кўриш қобилиятини йўқотган. Унга ўнг кўзи тўрсимон пардаси артериялари окклюзияси ташхиси қўйилган.

Хитойлик қизнинг тан олишича, у ўйинга шу қадар берилиб кетганки, ишдан кейин ва дам олиш кунлари смартфонни қўлдан қўймаган.

"Ишда бўлмаган кунларим, мен одатда эрталаб соат 6да тураман, нонушта қиламан ва кундуз соат 4гача ўйнайман. Ўйинга берилиб кетган вақтларимда тушлик қилишни ҳам унутиб қўяман", — деб ҳикоя қилган у.

Нашр шунингдек шифокор сўзларини ҳам келтириб ўтган. Врач таъкидига кўра, кўз пардаси артериялари окклюзияси асосан қарияларда учрайди ва ёшларда камдан-кам ҳолатларда намоён бўлади. Аёл кўзи ўта кучли зўриқиш туфайли кўрмай қолган бўлиши мумкин, деб хулоса қилган шифокор.