Ўзбекистоннинг энг арзон палови

05.11.2017 | Блог | 7649

Aввалбошдан айтиб қўяй - мен ҳозир овқат, ош ҳақида гапиришни ният қилганим йўқ.

Шу йил сентябрда Тошкентдан қайтишда оилам билан Қўйлиқдан водий таксисига чиқишдан олдин ўша ердаги ошхоналардан бирига кириб тамадди қилдик. Битта бифштекс, кичкинагина чинни ликопчада бир капгиргина ош, битта нон ва чой келтиришди. Келтирган ошини косага солсангиз, ярим коса чиқади ёки чиқмайди, хуллас лайлакка овқат берган тулкининг ошидек буёғи. Еб бўлгач, сохта мулозамат қилиб юрган хизматчи қизлардан ҳисобни сўрадим: 32 000 сўм! Автотураргоҳдаги ҳатто эшиги ҳам йўқ мослаштирилган ошхонанинг ҳеч қандай доимий мижоз учун эмас, мен каби ойда-йилда бир йўлиқиб қолувчи адашганлар учун хизмат қилиши ойдек равшан эди…

Ишхонамиздаги ҳамкасблар билан 3 йилдан буён бир жойда тушлик қиламиз, бир ёки икки машинага чиқамиз-да, мактабимиздан 2 км узоқда Яйпан марказидаги бир хонадонга, Қурвонали аканинг уйига жўнаймиз. Ҳар куни, ҳар тушликда. Aканинг уйи олдида машиналар тўла бўлади, ҳамма биз каби узоқ яқиндан, ёнидаги ошхоналарга кирмасдан ҳам шу ерга тушлик қилгани келган.

Қурвонали аканинг уйи олдидаги мижозлар

Водийга хос сўрилар ва беданақовоқлар билан тўлдирилган чойхонамиз (2 феврал, 2017 йилги суратим экан)

Сўзимнинг бошида бекорга Тошкентдаги энг оддий, мослаштирилган ошхона (люкс хизматларга эга замонавий кафе, ресторан эмас, энг оддийси) ҳақида гапирмадим. Чунки мен ҳикоя қилмоқчи бўлган Яйпандаги ушбу ошхона/чойхона қарийб Ўзбекистонда энг арзон ош тайёрлаб халққа хизмат қилиб келаётганига мана тўртинчи йил бўлмоқда. Шу тўрт йил ичида нарх-наволар қанчалик ўзгарганини биласиз-а, лекин бу ерга ҳеч қандай инфляция таъсир этмайди! Нархи қанчалиги билан қизиқяпсизми, мана, марҳамат, аввал ошни кўриб баҳо беринг:

Мана бир кишилик тўплам: бир коса нўхатли, гўштли, устида битта тухумли ош, яримта нон, шакароб.

Яна бошқа куни олинган сурат. Қиш. Бу сафар шакаробнинг ўрнида турп.

Кўриб турганингиз мазали ош айтиб ўтганимдек мана 4 йилдирки, битта нархда сотилади. Суратдаги барча егуликлар билан бўлиб 3500 ( уч ярим минг) сўм!

Ҳа, ишонаверинг, сиз каби ишонмаганлар қўшни вилоятдан атай меҳмонга келиб, еб кўриб, шу пулни тўлаб ишониб ҳайратда кетганининг гувоҳи бўлдик. Ҳа, айтганча ошхонада чой мутлақо бепул, хоҳласангиз, қайнаб турган самовардан аччиқ кўк чойни дамлаб келиб, сўрингиз тепасидаги беданаларнинг овози остида кечгача дўст-биродарлар билан суҳбат қуришингиз мумкин.

Чойхоначимиз Қурвонали ака

Сиз бирон тамаддихонага кириб у ердаги овқатларнинг ўзига мос бўлмаган нархларидан нолиган вақтингиз бўлганми? Агар бўлса, ишонаманки, доимо бир томонлама куюнгансиз, нархи қиммат, бу пулга арзимайди, дея ачингансиз. Лекин Қурвонали аканинг ошини еб, пулини тўлашда эса, тўғриси, уяламиз – ахир, шунча нарсани ейсиз, хоҳлаганча чойни ичасиз-да, арзимаган уч ярим минг сўм берсангиз, ғалати бўласиз…

Бедананинг овозлари эшитиляптими?

Aканинг ҳовлиси тушлик маҳали тўлиб кетади. Бу ошни туманда эшитмаган одам қолмаган ҳисоб, барча бу кишининг бир хислатига, улкан ҳиммати ва инсофига тан беради. Ҳа, жамиятимизда мана шундай ўз ишини севиб, халқни дуоси ва олқиши орқали рўзғорини тебратувчи, адашиб кирган хўрандага арзимаган овқатини ўтказиб, чўнтакларини қоқиб олишни кўзламайдиган олижаноб фидойилар ҳам бор!

Суратлар телефоним архивидан олинди

Ҳар гал Қурвонали аканинг ошхонасига борар эканмиз, бир нарсани ўйлаймиз: ош нархини қачон оширар экан, дея. Йўқ, 4 йилдан буён ўзгартирмади, акадан умид қолмади. Ишонасизми, биз қийналиб кетдик, ҳар куни 500 сўмлик излайвериб. Охири яқин кунларда бунинг йўлини топдик: 4000 минглик солинг, деймиз, косани устига ҳам тўкилиб кетай дегандек уюб босиб бермоқда, шу билан биз ҳам 500 сўмлик излашдан қутулдик, лекин бошқа бир муаммо туғилди: энди шунча кўп ошни еб олгунча қийналиб кетмоқдамиз.

Топганингизга барака берсин, Қурвонали ака!

P.S. Ёзганларим ош, овқат ҳақида эмас, нима ҳақдалигини тушундингиз…

Isroiluz.blogspot.com