Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган ИҲТ давлатлари Исроилга қарши санкция қабул қилиши мумкин

13.12.2017 | Жаҳон | 3217

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда саммитида Қуддуснинг Исроил пойтахти деб эълон қилинишига қарши чоралар кўриш масаласи кўриб чиқилади, деб хабар қилди Туркия ОАВлари.

Бугун, 13 декабр куни Истанбул шаҳрида ИҲТнинг фавқулодда саммити ўтказилмоқда.

Йиғилишда АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олганлиги, шунингдек ўз элчихонасини Тел-Авивдан ушбу шаҳарга кўчириб ўтказганлиги масаласи муҳокама қилинади.

Озарбайжон президенти Илхом Алиев ҳам ушбу саммитда иштирок этмоқда.

Турк ОАВларида ёзилишича, саммитда Қуддус масаласи бўйича махсус комиссия тузилиши режалаштирилган. Шунингдек, ИҲТга аъзо мамлакатлар, бордию, Қуддусни Исроил пойтахти деб тан оладиганлар сони кўпайгудек бўлса, давлатлар билан муносабатларни қайта кўриб чиқишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Қуддуснинг Исроил пойтахти деб тан олинишига қарши ИҲТ қабул қиладиган чоралар сифатида АҚШдан элчиларни чақириб олиш, шунингдек, Исроил давлатига қарши санкциялар қабул қилиниши мумкинлиги санаб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп илгарироқ Қуддусни Исроил пойтахти деб расман тан олгани ҳақида эълон қилган эди. Шундан сўнг Трамп Исроилдаги АҚШ элчихонасини Тел-Авив шаҳридан Қуддусга кўчиришни буюрди. Америка етакчисининг ушбу қарори кўплаб давлатларнинг, биринчи навбатда, Яқин Шарқ ва Фаластиннинг кескин норозилигини келтириб чиқарди.

Бутун мусулмон дунёсида, шу жумладан Исроилнинг ўзида ҳам норозилик намойишлари бошланди ва бунинг оқибатида юзлаб одамлар жабрланди.