«Абу Сахий» бозори қайта ташкил этилганидан сўнг бюджетга тушумлар ҳажми кескин ошиб кетди

12.03.2018 | Иқтисод | 3651

2016−2017 йилларда Ўзбекистон давлат бюджетига Тошкентдаги собиқ «Абу Сахий» бозори даромадидан 439 млрд сўм миқдоридаги маблағ келиб тушмаган, дея ёзмоқда Газета.uz нашри.

Январь ойида «Тошкент савдо маркази» мажмуасига айлантирилиб, хорижий инвестор жалб қилингач (номи ошкор қилинмаяпти), бюджетга тушумлар ҳажми ортди, сотилаётган маҳсулотлар турлари кенгайиб, нархлар арзонлашди, дейилади Бош прокуратура мультимедиа маркази тайёрлаган лавҳада.

Нархларнинг пасайишига сабаблардан бири сифатида ижара тўловлари миқдорининг камайтирилгани келтирилган. Хўжайин алмашганидан сўнг дўконлар ижарасидан тушувчи даромадлар ҳажми — 5 баробарга: 381 млн сўмдан 1,9 млрд сўмга; бошқа ижара турларидан — 6,5 баробарга: 307 млн сўмдан 1,3 млрд сўмга; вақтинча сақлаш омборхоналари ижарасидан — 6,5 баробарга: 70 млн сўмдан 460 млн сўмга; автотураргоҳлар ва бошқа хизматлардан — қарийб 2 баробарга: 1,2 млрд сўмдан 2 млрд сўмга ўсди. Бозор ҳудудидаги реклама майдончаларидан тушган даромад миқдори эса 30 баробарга — 4 млн сўмдан 120 млн сўмга ортди.

2017 йил давомида «Абу Сахий"дан 82 млрд сўм божхона тўловлари келиб тушган бўлса, «Тошкент савдо маркази» фаолиятининг уч ойлик якунлари бўйича бу рақамлар 53 млрд сўмни ташкил этди. Йил якунлари бўйича мазкур кўрсаткичнинг 212 млрд сўмга етиши кутилмоқда, дейилади хабарда.

Сўров ўтказилган тадбиркорлар янги маъмурият расман кўзда тутилган тўловлардан ташқари қўшимча йиғимларга чек қўйганини маълум қилди. Йил бошидан буён бозорда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар сони 275 нафардан 2535 нафарга ошди.