Содиқ Сафоев: Ўзбекистонга янги парламент керак

16.05.2018 | Ўзбекистон | 2847

Вашингтонда АҚШ-Ўзбекистон раҳбарлари учрашуви олдидан кечган давра суҳбатларидан бирида Олий Мажлис аъзоси, Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев ислоҳотларга урғу бериб, мамлакатга янги парламент керак, деди.

Ўзбекистонда қабул қилинган ислоҳотлар дастурига кўра, парламент бутун тизим устидан демократик назорат ўрнатиши керак. Ҳукумат органлари қонунчилар, яъни халқ сайлаган вакиллари олдида ҳисобот бериб туриши, саволга тутилиши лозим. 

«Аввало, тан олиш керак, бугун парламентимиз олгинги йилларга қараганда анча бошқача ишлайди. Бугун вазирлар, уларнинг ўринбосари, Бош вазир ўринбосарлари, давлат идораларининг раҳбарлари қонунчилар олдида ҳисобот бера бошлаган, қизғин савол-жавоблар бўлаяпти. Мураккаб мавзулар юзасидан саволларга жавоб талаб қилинади, масалан қийноқлар, мажбурий меҳнат... Жараён ўзгарган. Бугун парламентимиз ижроия органи устидан назорат ўрната бошлаган», - дейди Сафоев.

Унингча, икки вазифа ҳаммага аён. Биринчидан, бундай назорат маҳаллий тизимлар томонидан ҳам ўрнатилиши керак, яъни ижроия органлари турли қатламларда вакиллар олдида жавоб беришни ўрганиши лозим. Вилоят ва туман ҳокимлари, ҳар қандай тизимнинг раҳбари кенгашларга ҳисобот бериши керак.

«Иккинчидан, балки бу айрим қонунчиларимизга ёқмас, лекин бизга янги парламент керак. Келаси сайловлар натижасида бунга эришамиз деган фикрдаман. Янги авлод кириб келади, хусусан ҳуқуқшунос ва иқтисод бўйича мутахассислар. Улар ҳозирги қонунчиларга қараганда иқтидорлироқ, сиёсий ва интеллектуал жиҳатдан ўткирроқ одамлар бўлади. Парламент янгиланиши, янгича ишлай бошлаши учун бу ниҳоятда муҳим. Сайловлар келаси йил ва умид қиламанки, ўшанда ўзгаришлар бўлади ва Олий Мажлис янгиланади».