Ўзбекистонда ўзгаришлар даври келган бўлса, Акмал Саидов қанчалик ўзгарган ёки ўзгаришга мойил?

16.05.2018 | Ўзбекистон | 3649

Вашингтонда АҚШ-Ўзбекистон раҳбарлари учрашуви олдидан кечган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси, ҳуқуқ ва адолат бўйича бош қонунчи, Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази раҳбари Акмал Саидов «Америка Овози» дан тушган саволларга жавоб берди.

Олий Мажлиснинг кўзга кўринган аъзоларидан бири, президентликка собиқ номзод  Акмал Саидов назарида ижроия органи устидан назорат ўрнатиш бобида қийинчиликлар жуда кўп.

«Вазирларимиз парламентга ҳисобот беришга ўрганмаган, лекин энди улар бунга мажбур. Биз ҳозир мана шу менталитет ва стереотипни ўзгартиришимиз керак», - дейди Саидов.

Олий Мажлисда тингловлар нормал ҳолга айланмоқда, дея қўшади қонунчи. Бюджет ва бошқа долзарб масалалар юзасидан очиқ муҳокамалар йўлга қўйилган.

«Мақсадимиз - Ўзбекистонда давлатнинг барча органлари бир-биридан мустақил бўлсин ва масъулият ҳисси ошсин. Ким кимга жавоб бериши кераклигини билсин», - дейди Саидов.

Унинг ўзи олдинги президент даврида мамлакатнинг «эркинлик бўйича бош намояндаси» сифатида танилган эди. Саидов бу ролини ҳали ҳам бой бермаган.

БМТ органлари Женева ва Ню-Ёркда, қолаверса бошқа сиёсий марказларда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида асосан Саидов гапиради ва ҳисобот беради.

Агар Ўзбекистонда ўзгаришлар даври келган бўлса, Акмал Саидов қанчалик ўзгарган ёки ўзгаришга мойил?

«Қизиқ савол... Мен академик одамман. Мен аввало олимман. Расмий лавозимлар иккиламчи. Мана икки йилга яқинлашмоқда, янги раҳбар остида менинг таклиф ва ташаббусларим олқишланмоқда ва қабул қилинмоқда. Биринчидан, инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг қонуний заминини мустаҳкамлаш. Иккинчидан, ҳуқуқ ҳимоясини таъминловчи муайян идораларни ишга солиш, масалан парламентда меҳнат ҳуқуқларининг конституциявий ҳимояси бўйича комиссия тузилди. Учинчидан, ҳуқуқий билимни ва юридик таълимни кучайтириш. Тўртинчидан, мониторинг, яъни вазиятни изчил кузатишни йўлга қўйиш. Бунда нафақат халқаро тизимлар кузатсин, балки маҳаллий миқёсда ҳам ноҳукумат ташкилотларнинг ва ахборорт воситаларининг роли кучайсин», - дея тушунтирди Саидов Вашингтон сиёсат аҳлига.

«Ўзбекистон, юртим, ўзгарар экан, мен ҳам ўзгараяпман, албатта», - дея қўшди у.