Ўзбекистонда 15 июлдан энг кам иш ҳақи миқдори оширилиши кутилмоқда

02.07.2018 | Иқтисод | 5176

Ўзбекистонда 15 июлдан энг кам иш ҳақи миқдори тахминан 7 фоизга оширилиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг 2 июль куни бўлиб ўтган анжуманида Ўзбекистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

Мубин Мирзаев 2017 йил декабрида берган интервьюсида Ўзбекистонда иш ҳақининг инфляция оқибатида йўқотилган қисмини ҳар олти ойда компенсация қилиш тизими жорий этилиши, иш ҳақининг ўсиш суръатлари инфляция даражасидан паст бўлмаслигини таъкидлаган эди.

ХПКда маълум қилинишича, Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров 2018 йил биринчи ярим йиллигида инфляция 6,2 фоизни ташкил этган.

– Илк бор прогноз кўрсаткичларга эришилди ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ушбу рақамларни шубҳа остига олмади. Шундай қилиб, энг кам иш ҳақининг кутилаётган индексацияси (тахминан 7 фоиз) биринчи ярим йилликдаги инфляция даражаси (6,2 фоиз)дан юқори бўлади, – дейди М.Мирзаев.

Унинг сўзларига кўра, йил охирида иш ҳақи — иккинчи ярим йилликдаги инфляция даражасидан келиб чиқиб — яна бир бор индексация қилинади. Бу бюджетда кўзда тутилган.

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи миқдори — 172 240 сўмга тенг.