Ўзбекистон миллий терма жамоасини аргентиналик Эктор Купер бошқаради

23.07.2018 | Иқтисод | 3179

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасига аргентиналик Эктор Купер мураббийлик қилади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси аргентиналик мутахассис билан келишувга эришган. Яқин соатлар ичида мазкур битим борасида расмий хабар берилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси бунгача португалиялик Карлуш Кейруш ва хорватиялик Златко Далич номзодлари билан ҳам музокаралар олиб борган. Бироқ улар билан келишувга эришилмаган. 

Маълумот учун, Эктор Купернинг сўнгги жамоаси Миср термаси эди. 2015 йилда жамоага тайинланган 62 ёшли мутахассис мисрликлар билан ЖЧ-2018даги муваффақиятсизликдан сўнг истеъфога чиқарилганди.

Бунга қадар, аргентиналик мураббий Аргентинанинг «Уракан», «Ланус», Испаниянинг «Мальорка», «Валенсия», «Реал Бетис», «Расинг», Италиянинг «Интер», «Парма», Туркиянинг «Ўрдуспор», Грециянинг «Арис», БААнинг «Ал-Васл» клубларида, Грузия (2008-2009) терма жамоасида фаолият олиб борган.