Ҳиндистон вазири шилқимлик борасидаги айблар ортидан ишдан кетди

17.10.2018 | Жаҳон | 2700

Ҳиндистон ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Жавед Акбар жинсий шилқимлик қилиш бўйича жанжал марказига тушиб қолиб, истеъфога кетишга қарор қилди.

“Мен ўзим судда адолатни излашга қарор қилганлигим учун вазирликдан ишдан кетишим тўғри бўлади. Ўзимга нисбатан билдирилган ёлғон айбловларга шахсан қарши чиқаман”, - деб ёзган Акбар ўзининг расмий хатида.

Ўтган ҳафтада Ҳиндистоннинг таниқли журналисти Прия Рамани Мобашар Жавед Акбарга қарши чиқиш қилгандан сўнг можаро юзага келди.

Бундан кейин Раманини унинг 20 нафар ҳамкасблари қўллаб-қувватлашди. Улар айтишларига кўра, улар жинсий шилқимлик қилишидан шахсан жабр кўришган ёки амалдорнинг уятсиз ҳатти-ҳаракатларининг гувоҳи бўлишган.

Собиқ давлат вазири ўзига нисбатан билдирилган айбларни рад этди.  Уларни "ёлғон ва асосланмаган” деб таъкидлади.

Акбар бу можаро Ҳиндистонда бўлажак сайловлар олдидан ўз номини қоралашга уриниш эканлигини айтди.

Илгарироқ, у давом этаётган жанжал сабабли истеъфога кетишини маълум қилди. Кейинчалик айблаган журналистга қарши шикоят аризасини ёзди.

Ариза Нью-Делидаги Patiala House судида 18 октябрда кўриб чиқилади.