Халқаро Валюта Жамғармаси Ҳиндистоннинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми бўйича собиқ мустамлакачиси бўлган Буюк Британияни ортда қолдиришини тахмин қилмоқда. Бу ҳақида ХВЖ ҳисоботига таяниб, Russian Today телеканали хабар берди.
Сўнгги таҳлиллар Ҳиндистон иқтисоди шиддат билан ривожланаётганини кўрсатмоқда. Агар ўсиш суръати ҳозирги даражада давом этадиган бўлса, 2022 йилга бориб, Ҳиндистон маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Германияни ортда қолдиради ва дунёда тўртинчи ўринга чиқади. Ҳозирда йиллик ЯИМ ҳажми бўйича жаҳонда олтинчи бўлиб турган Ҳиндистон 2017 йилнинг ўзида бешинчи ўриндаги Буюк Британиядан ўтиб кетади.
Халқаро Валюта Жамғармаси Ҳиндистон иқтисодиёти йилига 9,9 фоиздан ўсиб боришини тахмин қилмоқда. Шу билан бирга, ташкилот Ҳиндистонни яқин келажакда кутиб турган қийинчиликлардан ҳам огоҳлантирмоқда.
Булар сирасига солиқ тизимини кенг миқёсда қайта кўриб чиқиш, макроиқтисодиётда кам фойда келтираётган капиталнинг улкан тўпламини тартибга солиш, иш унумдорлиги ва меҳнат шароитларини яхшилаш, корпоратив инветициялашни рағбатлантириш ҳамда муҳим инфратузилмавий етишмовчиликдан устун келиш каби вазифалар киради.
Ҳисоботда қайд этилишича, Ҳиндистон нақд пул инқирозидан ҳамон қайта тикланиш даврини бошдан кечирмоқда. Иқтисодчилар мамлакатнинг банк ва молия тизимидаги ҳолатдан ҳам хавотир билдиришган. Бундан ташқари Ҳиндистонда иччиларнинг меҳнат самарадорлиги ҳам жуда паст даражада. Халқаро меҳнат ташкилоти Ҳиндистонда ҳар бир ишчига тўғри келадиган ишлаб чиқариш ҳажмини 3 962 долларга баҳолаган. Солиштириш учун, Германияда бу кўрсаткич 83 385 долларга тенг.