Google Ўзбекистонда IT-мутахассислар тайёрлашда ёрдам беради

13.03.2018 | Технологиялар | 2409

Тошкентдаги Инҳа университети ва “Google” корпорацияси Ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни режалаштирган, деб хабар қилмоқда университет сайти.

Google”нинг Туркия, Кавказ ва Марказий Осиёдаги ишлаб чиқувчилари билан ишлаш бўйича раҳбари Бариш Есугей 2018 йилнинг 11 март куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюриб, университети ректори Сарвар Бабаходжаев билан учрашди.

Ундан ташқари Йесугей Халқаро Хотин-қизлар кунига бағишланган “Women Techmakers” тадбирида иштирок этди. “Women Techmakers” – бу “Google”нинг глобал дастури бўлиб, у юқори технологиялар соҳасидаги инновацияларни рағбатлантириш ҳамда соҳага аёлларни жалб этишга мўлжалланган.

Шунингдек, Бариш Йесугей Ўзбекистондаги ишлаб чиқувчилар билан ҳамкорликни ривожлантириш режалари тўғрисида гапириб берди. Унинг айтишига қарганда Google Ўзбекистонда қўшма ўқув дастурлари ва стартапларни қўллаб-қувватлаш йўли билан АТ мутахассислари тайёрлашда ёрдам беришни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, бундан икки ҳафта олдин, Инҳа университети талабалари ташаббуси асосида, “GDG Tashkent” гуруҳи тузилган эди. Ушбу гуруҳ Ўзбекистонда “Google” маҳсулотларини ривожлантириш (тарғиб қилиш) ва АТ соҳасида кадрлар малакасини ошириш билан шуғулланади.

Учрашувда келажакда Ўзбекистонда “Google I/O”, “Women Techmakers”, “DevFest”, “Google Launchpad Accelerator” ва шу каби тадбирларни ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.