Уйма-уй юрилиб сайловчилар рўйхати шакллантирилади

05.10.2018 | Ўзбекистон | 2484

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 апрелига қадар уйма-уй юриб айланиш орқали фуқароларнинг паспорт маълумотларини Ички ишлар вазирлигининг ахборот базасидаги кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда, доимий ва вақтинча яшаш жойларининг манзиллари тўғрисидаги ахборот умумлаштирилади. Ушбу санага қадар кўчмас мулк обхектларини инвентаризация қилиш жараёни якунига етиб, Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ҳамда Кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестри шакллантирилиши лозим, деб ёзади  «Газета.uz» нашри.

Мазкур чоралар президент Шaвкат Мирзиёевнинг 4 октябрдаги сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ўтган йилнинг декабрида Тошкентда халқ депутатлари туман кенгашлари сайлови жараёнида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий қилишга йўналтирилган сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими синовдан ўтказилган эди. 2018 йил 1 апрелигача бутун мамлакатда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ишга туширилиши режалаштирилган эди, бироқ бу муддат ўзгартирилди.

Қарорда қайд этилишича, СЯЭРни жорий этишда қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар, жумладан сайловчилар яшаш жойи тўғрисидаги ишончсиз маълумотлар, кўчмас мулк объектлари реестрининг мавжуд эмаслиги ва кўчмас мулк объектлари реестридаги эскирган маълумотлар тўсқинлик қилди. Шу сабабли бир сайловчи бир вақтда бир неча рўйхатга кириб қолиши мумкин эди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уйма-уй юриб ўрганиш натижасида тўпланган ахборотни Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар ахборот базасига киритиш учун компьютер ускуналари билан жиҳозланган зарур хоналар ва ходимларни ажратиш топширилди.

Кўчмас мулк объектларининг ягона реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри «Электрон ҳукумат» тизимига интеграциялаштирилади. Бунда фуқароларга ўз сайлов участкаларини аниқлаштириш ва уларни ўзгартириш имконияти тақдим этилади.