Давлат мулки объектларини тадбиркорлик субъектларига сотиш тартиби соддалаштирилди

12.10.2018 | Ўзбекистон | 2556

Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ 2019 йилнинг 1 апрелига қадар давлат объектлари ва ерларга бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказилади.

Эксперимент доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоят ҳокимларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

- бўш турган давлат объектларини 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда (кейинги ҳар бир қадам 1 млн сўмдан) электрон аукцион орқали сотиш;

- ерлар ва бўш турган давлат объектларини инвестициявий (камида 1 млн. АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар юкланган ҳолда аукцион ўтказмасдан сотиш;

- суғорилмайдиган ерлар тоифасига кирадиган ерлардан 50 йилга фойдаланиш ҳуқуқини инвестициявий (камида 1 млн. АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар юкланган ҳолда сотиш;

- автомобиль йўлларига туташ ҳудудлардаги ҳар қандай ерларни йўлбўйи ва туристик инфратузилма объектларини қуриш учун электрон аукцион орқали сотиш;

- савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолияти тунги вақтда чеклашга йўл қўйилмайдиган ҳудудларни ташкил этиш.

Ерларни сотишдан тушган маблағлар ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қуватлаш йўналтирилади.