Тошкентда янги университет ташкил этилади

01.12.2018 | Илм-фан | 2663

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 ноябрдаги қарори билан Тошкентда Аджу университети ташкил этилади.

Ҳужжатга кўра, университетда 2019/2020 ўқув йилида бакалавриатнинг «Архитектура», «Электротехника» ва «Қурилиш инжиниринги» таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб эса Аджу университети (Корея Республикаси) билан келишган ҳолда бакалавриат ва магистратуранинг янги истиқболли таълим йўналишлари ва мутахассисликларини, шу жумладан, Аджу университети (Корея Республикаси) стандартлари асосида кўп тармоқли клиника, илмий-тадқиқот лабораториялари ва диагностика марказига эга тиббиёт факультетини очиш белгиланди.

Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Аджу университети (Корея Республикаси) томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади.

Университет таълим фаолиятини Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларини инобатга олган ҳолда Аджу университетининг (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширади.

Университетда ўқишни тамомлаган битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Аджу университетининг (Корея Республикаси) белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Университетни молиялаштириш талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг хайриялари, манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган техник кўмак маблағлари (грантлар), шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, 2019/2020 ва 2020/2021 ўқув йилларида ўқишга қабул қилинган талабалар — Ўзбекистон фуқаролари учун улар университетни тамомлагунига қадар Ўзбекистон Давлат бюджети ҳисобидан контракт суммасининг республикадаги бошқа давлат олий таълим муассасаларида тегишли таълим йўналишларида ўқитиш қиймати миқдоридан ортиқ қисмини тўлаб бериш кўринишида давлат кўмаги тақдим этилади, контракт юридик шахслар — салоҳиятли иш берувчилар томонидан тўланиши ҳоллари бундан мустасно.

Давлат кўмаги тақдим этилган университет битирувчилари республиканинг давлат ташкилотларида камида уч йил ихтисослиги бўйича ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади.

1973 йилда «XXI асрнинг энг яхши университети» шиори остида ташкил этилган Аджу университети — 11 коллежни ўз ичига олган етакчи илмий тадқиқот университетларидан биридир. Сеул шаҳридан 30 км жанубда Сувонда жойлашган Аджу университетида 14 минг талаба (9,7 минг нафар бакалавр, 3,7 минг нафар магистр ва бошқа курсларда 500 та) таҳсил олади.