Самарқандда МИБ якшанба куни ҳам тадбиркор ва аҳоли тинчини бузмоқда

24.02.2019 | Блог | 5666

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари якшанба кунлари ҳам аҳоли ва тадбиркорларнинг электр энергияси, газ ва бошқа тўловлар бўйича қарздорликларини текшириш бўйича «рейд» ўтқазмоқда.

Дам олиш кунларидаги бу текширувлар фуқароларнинг асосли норозилигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳри Регистон майдони яқинида жойлашган савдо дўкони эгасининг хабар беришича, МИБ ходимлари унинг дўконига якшанба 10 феврал куни келган ва электр энергияси учун вужудга келган қарздорликни тўлашни талаб қилган. «Якшанба куни банклар ишламайди ва МИБ талабини бажариш имкони бўлмади. Қарздорликни кейинги куннинг ўзида банк орқали кўчириб бердим, лекин шунга қарамай ҳам МИБ ҳисоб рақамига қўшимча икки миллион сўм қайта уланиш учун тўлаб беришга мажбурлашди. Якшанба куни автоматдан узишди, наҳотки, автоматни қўл билан ёқиш икки миллион турса?» - деб фикр билдирди тадбиркор.

Якшанба куни МИБ ходимларининг ишга мажбурланаётганлиги меҳнат қонунчилигига ҳам зиддир. Меҳнат кодексининг 129-моддасига асосан якшанба умумий дам олиш куни ҳисобланади ва 130- моддасига асосан дам олиш кунлари ходимларни оммавий ишга жалб этиш тақиқланган. Дам олиш кунлари истисно тариқасида айрим ходимларни ишга жалб этиш касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда, ходимнинг ихтиёрий ёзма розилиги ва икки ҳисса ҳак тўлаш шарти билангина амалга оширилиши мумкин. Самарқанд шаҳар МИБ бош ҳисобчиси ходимларнинг якшанба куни ишга чиқиши учун касаба уюшмаси билан келишув, ходимларнинг розилик хатларининг борлиги ва қўшимча ҳак тўланаётанлиги бўйича саволимизга жавоб бермади.

Самарқанд вилоят МИБ расмий вакили ходимларнинг якшанба куни ҳам ишга чиқарилаётганини тасдиқлади ва бу ҳолат ҳозирда хизмат сафари билан Самарқандга келган Мажбурий ижро бюроси Марказий аппарати раҳбариятининг топшириғи билан амалга оширилаётганини билдирди. Аммо МИБ раҳбариятнинг Самарқандга келганлиги ва ходимларнинг якшанба куни ишга чиқарилаётганлиги бўйича боғлиқлик ҳақидаги саволга жавоб бермади. Расмийнинг берган маьлумотига кўра ходимлар фақат феврал ойидан якшанба кунлари ишга чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда якшанба расман дам олиш куни деб белгиланган ва бу куни одамларнинг мажбурий ижро ходимлари томонидан безовта қилинишини расман тўхтатишни сўраб МИБ Марказий аппарати раҳбариятига мурожаат этамиз.    

Мирзо Субханов

msubkhonov.blogspot.com