Ўзбекистон шароитида илк бор кимёвий милерант — биосолвент препарати яратилди

05.03.2019 | Илм-фан | 4567

Ўзбекистон шароитида илк бор кимёвий милерант — биосолвент препарати яратилди. У шўрланган тупроқ таркибидаги тузни 70 фоизгача ювиш хусусиятига эгалиги билан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда «Маърифат» газетаси сайтида хабар берилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида турли соҳа мутахассислари, ихтирочи-олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида «Илмий ва амалий ишланмаларни тижоратлаштириш учун зарур шарт-шароит яратиш асосида инвестицияларни жалб этиш» мавзусида ўтган матбуот анжуманида бир қанча ихтиролар қатори биосолвент препаратининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.

— Ҳозир Ўзбекистон шароитида тупроқнинг 60 фоизи шўрланган бўлиб, бу ўз-ўзидан маданий экинлар ҳосилдорлигининг камайишига олиб келмоқда, — деди Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти кичик илмий ходими Илёс Худойназаров. — Бу ҳолат тупроқ таркибини ўрганишимизга сабаб бўлди. Тадқиқот аввалида барча вилоятлардан келтирилган шўр тупроқларнинг таркибини ўрганиб, чуқур таҳлил қилдик. Жараёнда тупроқлар ишқорий муҳитга эга бўлиб, уларда хлоридли ва сульфатли шўрланиш мавжудлиги аниқланди. Навбатдаги вазифамиз тупроқ шўрини ювадиган восита ишлаб чиқишдан иборат эди. Шу мақсадда 2009-йилдан изланиш олиб бордик ва 2012-йили биосолвент препаратини кашф этишга муваффақ бўлдик. Кейинги босқичда шўрланиши юқори бўлган Сирдарё, Жиззах, Бухоро, Хоразм вилоятларидаги туманлардан келтирилган тупроқлар таркибидаги тузларнинг ювилиш жараёнига препаратнинг таъсири лаборатория шароитида ўрганилди. Сўнг дала амалиётида синовдан ўтказилди.

Препарат ихтирочиларининг таъкидлашича, у тупроқдаги тузни оддий сувга нисбатан 2−3 баробар кўпроқ ювади. Тупроқнинг механик ҳолатини яхшилаб, ғоваклик даражасини 2−3 мартага оширади. Препарат қўлланганида, тупроқни ювишга кетадиган сув сарфи 1,5−2 баробар камаяди. Бу, айниқса, сув танқис ҳудудларда қўл келади. Шунингдек, биосолвент препарати озуқа моддаларининг ўсимликлар томон фаол ҳаракатланишини таъминлаб, ҳосилдорликни 7 центнердан 10 центнергача оширади.

Препарат ёрдамида тупроқнинг шўрини ювиш жараёни йилига икки марта — кузги шудгордан кейин ва баҳорги экиш мавсумидан олдин амалга оширилади.