Тўғри овқатланиш ҳақида энг кенг тарқалган хато фикрлар

05.05.2019 | Тиббиёт | 5361

Фастфуд, ёғли овқатлар ва таркиби оқсилга бой бўлган озиқ-овқатлар ҳақидаги машҳур уйдирмаларга чек қўйишнинг вақти келди.

  1. Фастфуддан олинадиган калорияларни оддийгина «ёқиш» мумкин

Кўпчилик ўз-ўзларига, йиғилган калорияларни спортзалда ёқамиз деган тасалли берган ҳолда ёғли ва зарарли овқатларни ейди. Лекин бу осон эмас. Нафақат калориялар миқдори, балки озиқ-овқатларнинг сифати ҳам муҳим. Масалан, овқатларга мунтазам равишда ярим фабрикатларни ишлатиш аутоиммун касалликларининг пайдо бўлиш хавфини оширади.

Агар сиз калорияни ёқиш учун зўр бериб шуғуллансангиз, танангиз қўшимча стрессга дучор бўлади. Айниқса бундай ҳолатда организмга қайта тикланиши учун тўйимли моддалар талаб қилинади. Шунинг учун ейилган фастфудни спорт залидаги машғулотлар билан компенсация қилишга уриниш самарасиз ва хавфлидир.

  1. Оқсил ортиқчалик қилмайди

Тўғри овқатланишга эътибор берадиганлар одатда углеводлар истеъмол қилишни чеклашга ҳаракат қилади. Оқсил эса, аксинча жуда фойдали ҳисобланади.

Лекин таркибида оқсиллар жуда юқори бўлган озиқ-овқатларни кўп ейиш ярамайди. Унинг ортиқчаси организмда вазннинг камайишига ҳам ва кўпайишига ҳам олиб келиши мумкин. Мувозанатни сақлашга ҳаракат қилинг.

  1. Ёғ ҳар қандай шаклда ҳам зарарли

Кенг тарқалган бундай фикрларга қарамасдан, таркибида ёғлар юқори бўлган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш қоматга салбий таъсир қилмаслиги ҳам мумкин. Ўсимлик ёғларига бой бўлган авокадо, ёнғоқлар ва зайтун ёғининг кам миқдори организм учун фойдали ва метаболизмни тезлаштиргани учун ҳатто озишга ҳам ёрдам бериши мумкин.

  1. Таркибида шакар бўлгани учун мевалар ва резавор мевалар ҳам ширинлик каби зарарли

Мукаммал қоматга эришиш учун баъзилар таркибида шакар бўлгани сабабли мевалар истеъмол қилишдан ҳам воз кечади. Лекин Гарвард университети тадқиқотчиларининг аниқлашларича, мевалар аксинча вазннинг камайишига ёрдам берар экан. Уларни меъёрида истеъмол қилиш соғлиқ учун фойдали, чунки улар озуқавий элементларга бой ва организмда сув балансини сақлашга ёрдам беради.

  1. Спорт машғулотларидан кейин ейиш мумкин эмас

Машғулотлардан кейин овқат ейиш унинг самарасини камайтирмайди. Аксинча, жисмоний оғирликдан кейин организмга тикланиши учун тўйимли моддалар талаб қилинади. Лекин кўп еб юборманг ва сув балансига эътибор беринг.