Ўзбекистонда айрим солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилинади

18.06.2019 | Иқтисод | 5540

Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида президент қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳаси Молия вазирлиги томонидан тайёрланди.

Қарор лойиҳасида айтилишича, 2019 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги тартиб ўрнатиш кўзда тутилган:

- бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади;

- товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда, товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобда туриши шарт;

- ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин;

- календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми юз миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

Лойиҳада айтилишича, 2019 йил 1 октябрдан қуйидагиларни бекор қилиш режалаштирилган:

а) қуйидагиларга нисбатан қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, шу жумладан импорт қилинганда:

асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;

соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;

қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;

б) юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар.

“2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади”, - дейилган лойиҳада.

Қарор лойиҳасида қайд этилишича, 2019 йил январь ойидан август ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт.

Бунда, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегара даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади.

пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда, уларга 2019 йилдаги пахта хом ашёсини етиштириш учун ишлатилган ва 2018 йилнинг 1 октябридан кейин ҳақиқатда олинган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилсин”, - дейилган президент қарори лойиҳасида.