Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ЕОИИ интеграцияси: партия лидерлари қандай фикрда?
28.04.2020 19:48,  
558

2020 йилнинг 28 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

Ушбу қарор бўйича йиғилишда иштирок этган жами 132 нафар депутатлардан 86 нафари тарафдор (ёқлаб), 32 нафари қарши, 14 нафари эса бетараф овоз беришди.

Муҳокамалардан сўнг Қонунчилик палатаси ҳузурида тузилган Ишчи гуруҳининг хулосаси маъқулланди ва Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқида «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиши мақсадга мувофиқ, деб топилди ҳамда парламент қуйи палатасининг тегишли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор Олий Мажлис Сенати ҳамда Вазирлар Маҳкамасига жўнатиладиган бўлди.

Бу ҳақда партия лидерлари фикрлари билан ўртоқлашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров:

Биринчидан, бу хамкорлик хорижда ишлаётган ватандошларимиз даромадини ошириши мумкин, лекин иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида малакали миллий кадрларни йўқотишга олиб келади. Бу ўрта ва узоқ истиқболда миллий иқтисодиётимизга жиддий зарар беради.

Иккинчидан, ягона бож тарифи 6 мингга яқин товарларда бож ставкаларини ўзгартиришни талаб қилади. Бу силкиниш босқичма-босқич, имтиёзлар билан амалга оширилган тақдирда ҳам миллий иқтисодиётимизга жиддий зарар беради. Шу билан бирга, муҳим инвестицион лойиҳаларни амалга ошмаслигига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Учинчидан, иттифоқда амалда бўлган 48 та техник регламентнинг 5 тасидан хабардормиз, 14 тасида жиддий тавофутлар бор, 29 та регламент бизда умуман мавжуд эмас;

Тўртинчидан, биз дунё иқтисодиётига жиддий зарба бўлиши кутилаётган пандемиядан кейинги даврни қандай тус олиши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмасмиз. Кўпгина халқаро экспертлар постпандемик давр давлатлараро тузилмалар учун жуда оғир бўлади деган фикрни илгари суришмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров:

Биринчидан, мамлакатимиз ЕОИИга аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги келгусида яхши натижа беради. Чунки бу давлатлар нефть, газ қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Бу ўринда Ўзбекистонда самарали фаолият олиб бораётган йирик компаниялар ЛУКОЙЛ ва Газпром мисолида кўриш мумкин.

Иккинчидан, транспорт-коммуникация соҳасидаги имкониятларимиз сезиларли даражада ортади. Саноат маҳсулотларимизнинг ЕОИИ аъзо мамлакатлар орқали транзит ҳажмлари янада ошади.

Учинчидан, таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ҳамкорлик ижобий самара кўрсатади. Мамлакат раҳбарининг саъи-ҳаракатлари билан Россия ва Белорусь олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилиб, унумли фаолият кўрсатмоқда. Рақоботдош мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.

ЕОИИ билан ҳамкорликнинг салбий таъсири:

Биринчиси, ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакат саноатининг қатор тармоқлари ривожига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, мамлакатимизда фаолият юритаётган автомобилсозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа соҳалар 2 млрд АҚШ доллари атрофида йўқотиши прогноз қилинмоқда.

Иккинчиси, ЕОИИ давлатлари билан ташқи савдо сиёсатини етарлича мувофиқлаштириш қувватига эга эмас. Сабаби, ЕОИИ қоидаларини бузган давлатни ЕОИИ судига бериш каби ўта муҳим ваколат белгиланмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов:

Биринчидан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун меҳнат миграциясидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда яхши имкониятлар яратиши мумкин. Айниқса, ушбу Ташкилотга кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган миллионлаб Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатади.

Иккинчидан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш, тўқимачилик ва трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Учинчидан, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдки, темир йўл ташувларида экспорт-импорт ҳажмининг ўсиши 10-15 фоизга баҳоланмоқда. Товарлар транзитида ягона тарифлардан фойдаланилиши натижасида юк жўнатувчилар ва қабул қилувчиларнинг транспорт харажатлари сезиларли даражада камайиши мумкин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЭКП фракцияси раҳбари Борий Алихонов:

Фикримизча, Евроосиё иқтисодий иттифоқи нафақат ягона иқтисодий бирлашма бўлиши, балки иштирокчи мамлакатларнинг табиий бойликларини асраш, такрор ишлаб чиқариш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорлик ишларини амалга ошириши керак. Лекин, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унга хўжалик-иқтисодий фаолиятнинг салбий таъсирининг олдини олишга қаратилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида бирон бир кўп томонлама шартнома тузилмаган. Шубҳасиз, интеграция тузилмаларининг бундай йўналишларда интенсификация қилинишини тақозо этади.

Партиямиз фракцияси Евроосиё минтақаси ягона экотизим эканлигини инобатга олган ҳолда, хўжалик ва иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий режими минтақа давлатларининг экологик манфаатларини инобатга олиши керак, деб ҳисоблайди. Табиий ресурсларнинг кўпи трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, улардан бир давлат томонидан фойдаланиш бошқасига зарар етказмаслиги лозим.

Аммо, бугунги кунда икки томонлама асосда ҳал этилаётган ушбу саволларга Евроосиё иқтисодий иттифоқининг аниқ жавоблари йўқ. Мавжуд экологик муаммолар Иттифоққа аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишига муайян тўсиқларни қўяди. Бу индекслар динамикаси, яъни: жамиятнинг барқарорлиги, экологик самарадорлик ва тараққиёт кўрсаткичларидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов:

Биринчидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятлар яратилади ва ички бозорнинг монополлашувига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон маҳсулотларининг ЕОИИга аъзо мамлакатлари бозорларига чиқишида мавжуд сунъий тўсиқлар ва экспорт қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар камаяди.

Иккинчидан, иқтисодиёт тармоқлари модернизацияси кучаяди, жумладан, қайта ишланган маҳсулотларнинг шу давргача ишга солинмаган жиҳатларини рўёбга чиқариш имконияти юзага келади. Хусусан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ЕОИИ мамлакатларига божхона тўловларисиз экспорт қилиш ҳамда ташқи инвестиция жалб қилиш орқали соҳани модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш имконияти яратилади.

Учинчидан, юкларни етказиб бериш логистикаси яхшиланади ҳамда чегараларда ортиқча талаблар ва тўсиқлар бартараф этилиши натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш муддатлари қисқаради. Шунингдек, ташқи савдо учун қулай бўлган денгизга чиқиш йўллари очилади. Шунда маҳсулотларимизнинг халқаро савдода – ҳам нарх, ҳам сифат жиҳатидан бошқа давлатларнинг турдош товарларига нисбатан позициясини бой бермаймиз.

Тўртинчидан, мамлакатнинг инновацион ривожланиш, «билимлар иқтисодиёти» ва «рақамли иқтисодиёт»ни ривожлантириш йўлидан жадал ҳаракатланишини таъминлашга хизмат қилади. Ташкилот доирасида давлатларнинг тадбиркорлари ўртасида кооперация ва кластерларнинг шаклланиши мамлакатда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини оширади.

Евроосиё иқтисодий иттифоқининг иқтисодий ташкилот эканлиги, Ўзбекистоннинг бугунги савдо ҳамкорлари таркибида ушбу ташкилотга аъзо давлатлар салмоғи юқорилиги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради. Маълумки, ташқи савдога чиқадиган юкларимизнинг 80 фоизи Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали ўтади. Тайёр маҳсулотларимиз экспортининг ярмидан кўпроғи шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан