2020 йил 2 июль куни соат 15:00 ларда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Оқтом МФЙ ҳудудидан ўтган 4Р-40 «Ғаллаорол-Ўсмат» йўлида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди.
Ушбу йўлнинг 40 км.да 35 ёшли Б.Р. “Nexia” русумли автомашинани Ғаллаорол йўналиши бўйича бошқариб бораётиб, автомобиль бошқарувини йўқотиб қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган 37 ёшли О.Х.нинг бошқарувидаги “Damas” русумли автомашина билан тўқнашиб кетади.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, ЙТҲ оқибатда, “Damas” русумли автомашина йўловчилари 42 ёшли Э.С., ва 47 ёшли Ш.Э.лар тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
“Nexia” русумли автомашина ҳайдовчиси Б.Р., йўловчиси 28-ёшли Ф.А. ва 15 ёшли Б.Н.лар Ғаллаорол туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳурматли йўл ҳаракати иштирокчилари транспорт воситасини бошқараётганингизда амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари» га риоя қилишингизни сўраймиз, ўзингиз ва бошқаларнинг ҳаётига бефарқ бўлманг” - дейилади ИИВ хабарида.