1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонга айрим ускуналарни олиб кириш тақиқланади

1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонга айрим ускуналарни олиб кириш тақиқланади

“Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори имзоланди. 

Қарорга кўра, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб илгари фойдаланилган генератор ускуналари, кучланишни пасайтирувчи трансформаторлар, электр двигателлар, шунингдек, энергия самарадорлиги D тоифадаги энергия сарфловчи ускуналарни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланди.

Белгиланишича, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари учун электр техника ускуналари ва қурилмаларини, шунингдек, бутловчи буюмлар ва материалларни харид қилиш “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Қуйидагилар:

Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссиясининг янгиланган таркиби;

энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.

Республика комиссияси (А.Н.Арипов):

2019 йил 15 октябрга қадар энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика манбаларини тежаш кўрсаткичларини аниқлаш методикасини тасдиқлайди;

2019 йил 20 октябрга қадар келгусида энергия самарадорлигини баҳолаш ва ёқилғи-энергетика манбаларини тежаш мақсадида энергия сарфи ҳажми катта бўлган корхоналар кесимида иқтисодиёт тармоқлари рўйхатини шакллантиради;

2019 йил 20 декабрга қадар 2020-2022 йилларда камида 2,4 миллиард кВт/соат электр энергияси, 2,4 миллиард метр куб табиий газ ва 20 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашни назарда тутувчи иқтисодиёт тармоқлари бўйича энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика манбаларини тежаш мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлайди;

зарур ҳолларда Комплекс дастур параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

мазкур қарорда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишларни самарали ташкил этади ва мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Республика комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.

Белгиланишича:

а) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги:

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини оширишни таъминлаш, мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тоифадаги истеъмолчиларда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, шунингдек, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва бошқариш, шунингдек, уларни амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботларни юритиш учун масъул бўлган ижро этувчи орган сифатида иштирок этади;

Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади;

Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича халқаро агентликда (IRENA) Ўзбекистон Республикасининг миллий мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади;

б) қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ва дастурлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан келишилиши шарт.

9