2018 йилда 1 907 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган, 203 нафари пора билан қўлга тушган

2018 йилда 1 907 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган, 203 нафари пора билан қўлга тушган

2018 йилда 1 907 (2019 йилда — 284) нафар мансабдор шахс турли кўринишдаги мансабдорлик жиноятлари учун, шу жумладан, 203 нафари порахўрлик учун жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 48 нафарини — республика миқёсидаги вазирликлар ва идоралар ҳамда 191 нафарини — вилоят даражасидаги идора вакиллари ташкил этади. Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев билан ўтган учрашувда бу ҳақда маълум қилинди.

Жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар томонидан содир этилган коррупцион жиноятларнинг 2,7 мингтасини — ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ташкил этади.

Порахўрлик — 551 та, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш — 368 та, мансаб сохтакорлиги — 111, мансабга совуққонлик билан қарашга оид 100 та жиноят аниқланган.

Тергов ва терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида қабул қилинган ички ишлар органларининг 73 та, прокуратура органларининг 18 та қарори бекор қилинди. Беш нафар шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари жараёнида қўлланилган “қамоқ” эҳтиёт чоралари бекор қилиниб, озодликка чиқарилиб, енгилроқ турдаги эҳтиёт чоралари танланди.

Жиноятчиликнинг камайиш динамикаси бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида етакчилик қилмоқда.

2018 йил якуни бўйича мамлакатимизда ҳар 100 минг аҳолига 150 та жиноят тўғри келган. Бу рақам МДҲ давлатлари бўйича ўртача 1,052 тани ташкил қилган. Жорий йил 1-чорагида ҳам Ўзбекистон бу борада етакчилик қилмоқда. Масалан, ҳар 100 минг аҳолига мамлакатимизда 20 та жиноят тўғри келган бўлса, МДҲ давлатлари бўйича ўртача 268 та.