2035 йилга келиб Арктика музсиз қолиши мумкин - олимлар

2035 йилга келиб Арктика музсиз қолиши мумкин - олимлар

Фото:elements.envato.com

Британиялик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот 2035 йилга келиб Арктика музлари бутунлай эриши мумкинлигини кўрсатди, - деб ёзади Британиянинг Daily Mail нашри.

Олимлар иқлимни моделлаштириш воситасидан фойдаланиб 127000 йил олдин Арктиканинг исишга қандай муносабатда бўлганлиги моделини яратдилар. Олинган натижалар келажак учун прогнозларни яратишда ишлатилган. Мутахассислар Шимолий Муз океанидан музнинг 15 йил ичида йўқ бўлиб кетиши эҳтимолини аниқладилар.

Сунъий йўлдош маълумотлари шуни кўрсатадики, Арктика музларининг майдони ҳар ўн йилда 13 фоизга қисқармоқда. Буларнинг ҳаммаси баҳорги кучли қуёш туфайли, иссиқликни ўзлаштирадиган ва исишга ҳисса қўшадиган сув ҳавзаларини яратади. Шунга ўхшаш эффект юз минг йил олдин музларнинг эриши асосий омилларидан бири бўлди.

Олимларнинг фикрига кўра, Арктикадаги муз дунё экотизимида муҳим рол ўйнайди ва унинг эриши нафақат денгиз сатҳини оширади, балки кўплаб ҳайвонлар турларини уйсиз қолдиради.

"2035 йилга келиб денгиз музини йўқотиш истиқболи бизни қисқа вақт ичида кам углеродли дунёга эришиш тўғрисида ўйлашга мажбур қилиши керак", деди тадқиқот муаллифларидан бири "Nature Climate Change" журналида чоп этилган мақоласида.

Аввалроқ, НАСА бутун дунё миқёсидаги офат кўламини видео орқали кўрсатган эди. ICESat-2 сунъий йўлдошидан олинган маълумотлардан фойдаланиб, олимлар сўнгги 16 йил ичида муз қопламининг ўзгаришини моделлаштиришди.