Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинмаслиги маълум бўлди

Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинмаслиги маълум бўлди

Турк полицияси томонидан қўлга олинган ўзбек журналисти Абдукарим Мирзаевнинг Туркиядан депортация қилинмаслиги маълум бўлди. Журналистнинг қачон қўйиб юборилиши вақт билан боғлиқ масала экани айтилди.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида турк полицияси томонидан қўлга олинган Абдукарим Мирзаевнинг мамлакатдан депортация қилинмаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда журналист фаолият кўрсатаётган Registon TV онлайн телеканалининг расмий саҳифаларида хабар берилди.

«Азизлар, Регистон ТВ оиласи аъзоси, журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ хушхабаримиз бор. Истанбул Миграция идораси (Göç idaresi)дан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Абдукарим Мирзаев депортация қилинмайди. Унинг озод этилиши эса вақт билан боғлиқ масала», — дейилади хабарда.

Аввалроқ журналистнинг «шубҳали шахслар билан телефон орқали мулоқотда бўлгани» айби билан қўлга олингани, бироқ шубҳа-гумонлар ўз тасдиғини топмагани, бироқ уни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик.

Кейинроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзбек журналистнинг Туркияда қўлга олинишида Ўзбекистон томонининг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ҳамда Абдукарим Мирзаевнинг ҳеч қандай жиноий иш билан алоқаси бўлмагани ва қидирувдагилар рўйхатида ҳам йўқлигини маълум қилди.

Ўзбек журналистининг Туркияда қамоққа олиниши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, #FreedomToAbdukarim, #freeAbdukariM ҳештеглари остида ўн минглаб постлар, твитлар қолдирилди. Twitter ижтимоий тармоғида Туркиянинг таниқли шахслари, сиёсатчиларга мурожаатлар йўлланди.