Алишер Усмонов, Герман Греф ва Сергей Чемезов Яндексга қарши бирлашди

Алишер Усмонов, Герман Греф ва Сергей Чемезов Яндексга қарши бирлашди

Россиянинг Сбербанки Mail.ru Groupдаги Газпромбанкнинг улушини сотиб олади. Бу ҳақда иккала банк келишувга эришди. Mail.ru’нинг яна бир ҳамкори “Ростех” давлат корпорациясидир. Бу учлик россияликлар ҳаётининг барча жабҳаларидаги рақамли технологияларнинг катта қисмига эгалик қилишади.

Герман Греф, Алишер Усмонов, Сергей Чемезов “MF Technology” компанияси ёрдамида Mail.ru Groupнинг А синфидаги 100 % акцияларига эгалик қилади. Бу акциялар пакети 58.89% овозлар сони ёки компаниянинг 5.23% иқтисодий улулши демакдир. (Битта А синфидаги аксия 25 та оддий аксияга тўғри келади.)

Учликдаги биринчи шахс – Герман Греф Сбербанкнинг президенти бўлиб, айнан у банкни Россиядаги ИТ-гигантларидан бирига айлантирди. Греф мамлакатни рақамли форматга ўтказиш бўйича ўтказиладиган Путиннинг барча йиғилиш ва конференцияларида асосий маърузачилардан биридир. Сентябрда бутун мамлакат бўйлаб Сбербанк тажрибасини ёйиш бўйича шахсан биринчи рақамли минбардан туриб буйруқ берилди.

Алишер Усмонов келиб чиқиши асли Ўзбекистондан бўлган миллиардер 2010 йилларда Facebook ва бошқа Америка ИТ ширкатларидаги улушларидан катта даромад кўраётган эди. Бироқ, Россия ва Ғарб орасига совуқчилик тушгач, Усмонов чет элдаги активларини қайтариб олди.

Сергей Чемезов бошчилигидаги “Ростех” мамлакат иқтисодиётини рақамлаштириш бўйича давлат дастури ижросини таъминлайдиган асосий фигуралардан бири. Унинг зиммасига 5G тармоғини ўрнатишдан тортиб сунъий интеллектни яратишгача бўлган кенг кўламли ишлар тушган.

Ёлғиз Яндекс

Mail.ru Group, Сбербанк ва Ростех алянсига мамлакатда битта компания рақобат қила олиши мумкин: Яндекс.

Тасодифми, йўқми лекин, Mail.ru ва Сбербанкнинг июл ойидаги стратегик шериклик тўғрисидаги келишувидан сўнг, Яндекс жиддий муаммоларга дуч кела бошлади: депутат Антон Горелкин интернет ресурсларидан фойдаланишга доир янги қонун лойиҳасини тақдим қилди. Ноябрь ойида Думада кўриб чиқиладиган қонундан Яндекс 1.5 млрд. $ зарар кўриб улгурди.