Андижон ва Наманганда коронавирусга чалинган 43 нафар бемор тузалди

Андижон ва Наманганда коронавирусга чалинган 43 нафар бемор тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, шу соатларда Андижон вилоятида 23 нафар, Наманган вилоятида 20 нафар, жами 43 нафар коронавирус инфекциясидан тузалган беморлар реабилитацияга кузатилди.

Андижонда шифо топганларнинг барчаси ушбу вилоятдан. Улардан 22 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. 1 нафари эса Россиядан Қозоғистон орқали келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Уларнинг 8 нафари эркак, 15 нафари аёллар бўлиб, энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 8 ёшда.

Наманганда тузалганларнинг ҳам барчаси ушбу вилоятдан. Улар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 9 нафари эркак, 11 нафари аёллар бўлиб, энг ёши каттаси 64 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2020 йил туғилган чақалоқ.

Шундай қилиб, бугуннинг ўзида 71 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1846 нафарни ташкил этмоқда. Эслатиб ўтамиз, айни пайтда юртимизда ушбу касаллик аниқланганлар сони 2349 нафарни ташкил қилиб, соғайган ва вафот этганлардан ташқари, жами 493 нафар бемор даволанмоқда.