Андижонда ўқувчилари устки кийимсиз ташқарига чиқарилган мактаб директори ишдан олинди. Ўқувчилар совуқда «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш» тадбири меҳмонларини кузатган

Андижонда ўқувчилари устки кийимсиз ташқарига чиқарилган мактаб директори ишдан олинди. Ўқувчилар совуқда «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш» тадбири меҳмонларини кузатган

22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчиларининг совуқда икки қатор бўлиб, юпун кийимларда байроқ кўтариб маҳаллий амалдорларни кутиб олаётгани акс этган сурат тарқалди. Андижон вилоят халқ таълими бошқармасининг маълум қилишича, ушбу ҳолат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганидан сўнг, мактаб директори ва унинг ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Маълум бўлишича, 19 ноябрь куни Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактабига «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш» шиори остида Ўзбекистонда кўзга кўринган зиёлилар, санъат, фан-маъданият ҳодимлари ҳамда фаол нуронийлардан иборат тарғибот гуруҳи ташриф буюрган.

Тарғибот гуруҳи вакиллари ташрифидан хабардор бўлган ўқувчилар соат 11:25 да уларни кузатиш мақсадида йўлакка чиққан. Ўтказилаётган тадбирнинг фотоальбомини яратиш мақсадида маҳалла фаоллари ва мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни расмга олган.

«Ишчи гуруҳ расмдаги болалар билан қилган суҳбатида мана шу суратга олиш вақтида 2—3 дақиқа ташқарида қолишган, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан (соат 11:35 гача) уларни синф хоналарига киришлари сўралган», — дейилади баёнотда.

Ишчи гуруҳнинг якуний хулосасига кўра, 43-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси (Д.Насирдинов) ҳамда мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари (С.Исманова) эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати вазир Шерзод Шерматов илгари барча мактаб директорлари ва ҳудудий халқ таълими бўлимлари раҳбарларини бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида қатъий огоҳлантирганини маълум қилган. «Бунга йўл қўйиш ёки ким биландир шу тарзда учрашиш тақиқланади. Вазир бу ҳақда қатъий огоҳлантирган», — деб таъкидланади вазирлик хабарида.