Австралияда коронавирусли алоқани кўрсатадиган илова жуда тез машҳур бўлмоқда

Австралияда коронавирусли алоқани кўрсатадиган илова жуда тез машҳур бўлмоқда

Ҳукумат томонидан тақдим этилгач, бир миллиондан ортиқ австралияликлар бир неча соат ичида коронавирусли бемор билан алоқа қилганини кўрсатадиган иловани юклаб олдилар.

COVIDSafe иловаси Bluetooth сигналидан фойдаланиб, 1.5м масофада жойлашган бошқа бир фойдаланувчи билан "рақамли алоқада бўлиш" учун маълумотлар алмашади. 

Кейин илова ушбу контактни қайд қилади ва шифрлайди.

Фойдаланувчи коронавирус аниқланган бошқа фойдаланувчи билан 15 дақиқадан кўпроқ вақт давомида яқин алоқада бўлишган бўлса, илова унга бу ҳақда хабар беради.

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, Австралияда 6,994 та коронавирус ҳолати қайд этилган ва вирусдан 80 ўлим билан якунланган.

Сингапурда ишлаб чиқилган илова маҳаллий вақт билан 18:00 (13:00 тшв)да тақдим қилинди. Соғлиқни сақлаш вазири Грег Ҳант дастурни юклаб олганини маълум қилди. 

"Соат 22:30 да 1 миллион австралиялик #COVIDSafeapp дастурини юклаб олди ва рўйхатдан ўтказди - илтимос, бизга қўшилинг ва ўзимизни, оиламизни, бир-биримизни, энг муҳими, бизнинг ҳамшираларимиз ва шифокорларимизни ҳимоя қилишга ёрдам беринг", деб ёзди жаноб Ҳант твиттерда.

Бош вазир Скотт Моррисоннинг сўзларига кўра, агар етарли даражадаги фуқаролар иловадан фойдаланадиган бўлса, карантин қоидалари енгиллаштирилади. Ҳукумат максимал самарадорлик учун аҳолининг қарийб 40 фоизи уни юклаб олиши кераклигини айтди.

Шахсий дахлсизлик борасида эса, ҳукумат фақат соғлиқни сақлаш идоралари илова маълумотлар базасига киришини айтди. 

Маълумотлар Австралияда сақланади ва соғлиқни сақлаш вазири "ҳатто суд қарори ҳам" бошқа идораларга, масалан полицияга киришга рухсат бермайди деди.

Илова фойдаланувчилардан ўзларининг ёши, уяли рақами, почта коди ва исмларни тақдим этишларини сўрайди.

Ҳукумат барча маълумотлар 21 кундан кейин ёки кимдир иловани телефонидан ўчиргандан сўнг ўчирилишини айтди.

Мавзуг доир: Apple ва Google коронавирус ҳақида хабар берадиган илова ишлаб чиқади