Банк пластик карталари: киберфирибгарлик қурбони бўлмаслик учун нима қилиш керак?

Банк пластик карталари: киберфирибгарлик қурбони бўлмаслик учун нима қилиш керак?

Сўнгги пайтларда банк карталари, мобил банкинг ва Интернет хизматлари орқали пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Оддий ҳолат, вилоятлардаги туман ва айрим шаҳарларда банкоматлар, асосан, банк биноси ичида жойлашган. Бунда банк ходими банк картангизни олиб, "пластигинигизни майдалаб беради", йаъни картани банкоматга киритиб, уни нақд пулга алмаштириб беради. Бу жараёнда банк ходими сиздан банк карта паролини сўрайди ва сиз уни айтасиз. Пулни нақдлаштириш жараёни бироз вақт (таҳминан 5-7 минут) олади. "Ўз ишининг устаси" бу вақт ичида карта устидаги 16 хонали рақам, карта амал қилиш муддати ва карта паролини билиб олади ва ўз-ўзидан сизнинг картангизни мобил банкинг хизматига улаб, бемалол пулингизни "шилаверади". Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун, одамларда молиявий саводхонлик бўлиши керак. Қуйида биз сизга шу каби ҳолатларни ва ўшандай ҳоларларда қандай ҳаракат қилишни кўрсатиб ўтамиз.

Тижорат сайтларида (каналларида) маҳсулот харид қилиш

Минглаб одамлар электрон тижорат сайтлари (Aliexpress.comга ўхшаган) ва телеграм каналларида маҳсулотларини сотишади. Фирибгарлар ўзларини бошқа шаҳардаги ёки давлатдаги мижоз сифатида кўрсатадилар. Улар пулни банк картаси орқали ўтқазмоқчи эканлигини ва шунинг учун сизнинг банк реквизитларингизни сўрашади. Фирибгарлар нафақат банк карта рақамини, балки амал қилиш муддати ёки CVV, CVC рақам (VISA, MasterCardда бўлади бунақа рақамлар)ни ҳам сўрашади. Картангизда транзаксия қилингани ҳақида маълумотни билдирувчи смс келганда, у сизга пул келиб тушганини кўрсатмайди. Аксинча, ҳисобингиздан пул ечилганини кўрсатади.

Нима қилиш керак? Шахсий маълумотларингиз ва карта маълумотларингизни бегоналарга айтманг. Маблағни ўтказиш учун фақат карта рақамини ёки ҳисоб қайдномаси бириктирилган бўлса телефон рақамини кўрсатиш кифоя. Агар сиз барибир фирибгарларга кераксиз маълумотларни берган бўлсангиз, шошилинч равишда банкингизга қўнғироқ қилинг ва картангизни блокланг.

Бегона одамлардан қўнғироқлар

Сизга банкнинг рақамига ўхшайдиган 71-370, 78-711 каби рақамлардан қўнғироқ қилишади. Гўшакнинг нариги тарафида турган одам ўзини банк хавфсизлик хизмати ҳодими деб таништиради. Ҳозир тизимда айрим носозликлар кузатилаётгани ва тизим қайта юкланиб, сизнинг пулларингиз сақлаб қолиниши учун банк карта рақамни тўлиқ айтишингизни, мобил банкингга қўйган паролингизни айтишингизни илтимос қилишади. Сиздан шу каби маълумотлар олингач, ҳисобингиздаги пуллар, сонияларда қумга тушган сув каби ғойиб бўлади.

Нима қилиш керак? Агар фирибгар паспорт маълумотларинигизни бехато айтиб берса ҳам, у банк хизматчиси бўлиб қолмайди. Алданиб қолмаслик учун, ўз банк филиалингиз рақамини телефонингизга сақлаб қўйинг ва шунақа ҳолатларда иккала рақамни солиштириб кўринг.

Россиянинг Сбербанки агар шунақа ҳолатлар кузатилса, дарҳол трубкани қўйиб қўйишни маслаҳат беради. Чунки банкнинг ҳақиқий ходимида телефонда сўралаётган маълумотлар аллақачон мавжуд.

Сиз омадли одамсиз!

Айнан шунақа СМСни фирибгарлар жўнатишади. "Сизда 1300 $лик iPhone 11ни 1 $га харид қилиш имконияти бор. Олиш учун ушбу ҳавола (ссилка)га киринг ". Шундай хабарга сиз ҳам дуч келганмисиз? Агар дуч келмаган бўлсангиз, дуч келманг ҳам.

Сиз кўрсатилган ҳаволага кирсангиз, рўйхатда ўтиш талаб қилинадиган фишинг сайтга кирасиз. У ерда рўйҳатдан ўтиш асносида сиз банк карта рақамингиз, CVV рақамингиз, халқаро тўлов тизимларида 3-D secure рақамларни киритишингиз сўралади. Сиз ушбу маълумотларни киритасиз ва пуллар йўқола бошлаганини кўрасиз.

Нима қилиш керак? Аввало, бунақа онлайн лотареяларга ишонманг ҳамда шахсий маълумотларингиз ҳар хил норасмий, шубҳали сайтларда қолдирманг.

Ижтимоий тармоқлардаги хайр-эҳсонлар!

Ҳозирда хайрия мақсадларида очилган турли хил телеграм каналлар, инстаграм саҳифалар мавжуд. Улардан айримлари (ҳаммаси ҳам эмас) сохта беъморлар ёки умуман бўлмаган одамлар учун йиғилган бўлади. Бу каби фирибгарлар одамларнинг раҳмдиллик инстинктидан фойдаланишади ва сиз уларга ихтиёрий пул ўтказиб берасиз. Мана бу ерда шунга ўхшаш ҳодиса берилган.

Нима қилиш керак? Хайр-эҳсон билан шуғулланаётган сайт, саҳифа ёки канал ҳақиқатдан ҳам ишончлими? Айрим репутацион сайтлар, масалан кун.уз хайрия фаолияти билан ҳам шуғулланади. Ёки блоггер Хушнудбек ўз телеграм саҳифасида контрактда ўқийдиган ва имконияти чекланган талабалар учун пул йиғган эди. Кун.уз ёки Хушнудбекнинг кўпчилик кузатиб бориши ва улар фирибгарлик қилмаслиги учун улар таклиф қилган ҳисоб-рақамга хайрия мақсадларида пул ташласангиз бўлади. Бошқа ҳолатларда ишонманг, иложи борича.

Шуни нарсани айтмоқчимангки, банк картангиздаги пул ҳам, худди қоғоз пулга ўхшаб, пул. Сиз у ойликни, стипендияни ёки пенсияни ўша картага тушириб олгансиз. Шу сабабли у картадан эҳтиёт бўлиб фойдаланганингиз маъқул. Иложи бўлса, Интернетга кирмайдиган, Телеграм ёки Инстаграм аккаунт очилмаган рақамни Click, Paymeга улаган маъқул. Ўшанда кибержиноят хавфи бир мунча камаяди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.