Бир қанча кимё заводларидаги давлат улуши инвесторларга сотилади​

Бир қанча кимё заводларидаги давлат улуши инвесторларга сотилади​

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни кимё саноатини ислоҳ қилиш бўйича истиқболли режалар ҳамда жорий йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш мумкин бўлган, мураккаб таркибга эга бўлмаган кимё маҳсулотлари четдан олиб келинмоқда. Экспорт структураси диверсификация қилинмаган, бунда ҳанузгача минерал ўғитлар улуши жуда катта. Ишлатилаётган ускуналар 60 фоиз эскирган, энергия сарфи меъёрдан 2-3 баравар ортиқ.

Йиғилишда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича вазифалар белгиланди. Тармоқдаги ҳар бир корхона фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, энергия сарфини камайтириш ҳисобига таннархни пасайтириш бўйича топшириқлар берилди. “Рақамли технологиялар”ни қўллаш, инсон ҳаёти учун хавфли жараёнларда автоматизация даражасини кўтариш муҳимлиги қайд этилди. Кимё соҳасида янги йўналишларини ривожлантириш, бунга хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Президент “Навоийазот” акциядорлик жамиятида поливинилхлорид ишлаб чиқаришни тез муддатда лойиҳа қувватига олиб чиқиш ҳамда иккинчи босқичини лойиҳалаштириш бўйича кўрсатмалар берди. “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти, Қўнғирот сода заводи ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводида давлат улушини инвесторларга сотиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

Кичик тоннажли кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу мақсадда “Навоийазот” акциядорлик жамиятида бўш турган майдонлар негизида ихтисослашган кичик саноат зонаси ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Жанубий Корея билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот институти ташкил этиш, Тошкент кимё технология институтида мутахассисликлар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.