Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсупов ДХХ ҳибсхонасида шафқатсиз қийноқларга тутилаётганини рад этди

Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсупов ДХХ ҳибсхонасида шафқатсиз қийноқларга тутилаётганини рад этди

4 июнь куни Арслон Шоймардонов Саид-Абдулазиз Юсупов ДХХ ҳибсхонасида шафқатсиз қийноқларга тутилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «BBC Ўзбек хизмати» хабар берди.

Саид-Абдулазиз Юсуповнинг турмуш ўртоғи Дилфуза Юсупова берган маълумотларга кўра, ДХХга қилинган қайта-қайта мурожаатлардан сўнг, у эри билан сешанба, 4 июнь куни 20 дақиқа сўзлашган. Саид-Абдулазиз Юсупов адвокатига «опер»лар уни уриб, ичини тўкиб юборгани» ҳақида айтган.

«Ўтган 12 кун давомида «опер»лар мени дубинка, сув тўлдирилган баклашкалар ва бошқа буюмлар билан оёқларимнинг тагига, қўлларимга ва танамнинг қолган жойларига тинмасдан зарбалар беришди. Улар уравериб, ички органларимни тўкиб бўлишди», – дея адвокатнинг сўзларига таяниб, турмуш ўртоғидан иқтибос келтиради Дилфуза Юсупова.

Дилфуза Юсуповага кўра, адвокат Арслон Шоймардонов Саид-Абдулазиз Юсуповни кўздан кечирганда, баданида кўкарган, шишган ва қизарган жойларни кўрган.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқда қийноққа солинганини рад этди.

ЖПК 345-моддасига кўра, терговга тегишлилик 3 та орган (ИИВ, ДХХ, прокуратура) орасида тақсимланган, айрим жиноятлар тергови қонунда тегишлилиги айнан бир орган юритувида кўрсатилмаганлиги нуқтаи назаридан терговда муайян чеклов йўқ. 168-модда айнан шу жиноятлар категориясидан. Яна бир муҳим асос — Юсупов ўзини ДХХ ходими деб таништириб, фирибгарлик қилган. Бу ҳам унинг ишини ДХХ тергов қилишини белгилайди.

Маълумот учун, Саид-Абдулазиз Юсупов ОАВлардаги бир қатор мақолалари ва видео чиқишлари билан танилган эди. Хусусан, унинг учта ФФФ назарияси ҳақидаги чиқиши шов-шувларга сабаб бўлганди. Қўлга олинганидан сўнг, унинг 2018 йил сентябрида ёзиб олинган Ўзбекистон Президентига видеомурожаати эълон қилинди.

1