Бу йил Ўзбекистон яна евробонд чиқариши мумкин

Бу йил Ўзбекистон яна евробонд чиқариши мумкин

Ўзбекистон жорий йилнинг сўнггига қадар яна бир бор халқаро қарз бозорига чиқиши мумкин. Бу ҳақда Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исаков Bloomberg нашрга берган интервюсида маълум қилди, деб хабар қилади Forbes Ўзбекистон.

"Коронавирус туфайли қарз олишга бўлган эҳтиёжимиз ошмоқда", - деди Исаков.

Унга кўра, Молия вазирлиги бозорни назорат қилади ва жойлаштиришнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолайди. Эҳтимол, суверен евробондларни жойлаштириш кузда юз беради. Қарор бозорга ва йилнинг биринчи ярмида ҳукумат томонидан бюджет тақчиллигини кўриб чиқишга боғлиқ (декабр ойида бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 2,2% миқдорида баҳоланди).

Пандемия туфайли Ўзбекистонда, бошқа собиқ совет мамлакатларидаги каби, Россиядан меҳнат мигрантлари томонидан юбориладиган пул оқими камайди. S&P Global Ratings маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 3,6% ни ташкил қилиши мумкин. Аввалроқ, халқаро рейтинг агентлиги пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсири ва ташқи қарзларнинг ўсиши туфайли Ўзбекистоннинг кредит рейтинги прогнозини "салбий" га ўзгартирган эди.

Бюджет эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ҳукумат жорий йилда 500 миллион доллар эквивалентида ва келгуси йилда ҳам худди шундай миқдордаги евро облигацияларни жойлаштириши мумкин, деди Исаков. 

2019 йил феврал ойида Ўзбекистон умумий қиймати 1 миллиард долларга тенг 5 ва 10 йил муддатга биринчи евро облигацияларни жойлаштирган эди.