Бугуннинг ўзида 111 нафар бемор коронавирусдан тузалди – Ўзбекистон

Бугуннинг ўзида 111 нафар бемор коронавирусдан тузалди – Ўзбекистон

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бугун ҳам пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан ҳам коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 8 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг 5 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафари Фарғона вилоятидан. Улардан 1 нафари БААнинг Дубай шаҳридан келган. Қолган 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморлардан 2 нафари эркак, 6 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 13 ёшда.

Шунингдек, Бухоро вилоятида яна 58 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Эътиборли жиҳати, Бухоро вилоятида бугуннинг ўзида 95 нафар бемор соғайди.

Шундай қилиб, сўнгги уч кун давомида: биринчи кун 96, иккинчи кун 93, бугун эса 111 нафар бемор тузалиб, айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 561 нафарга етди.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясига чалинганлар умумий сони 1735 нафарни ташкил этмоқда, уларнинг 7 нафари вафот этган.