Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Давлат монополияси остидаги телевидение (2-қисм)
26.05.2020 21:02,  
1249

Карим Баҳриев мамлакатда ислоҳотлар қилиш зарурлиги ҳақида президент Каримовга “Ҳуррият” газетасида очиқ хат эълон қилмоқчи бўлганлиги учун ўз лавозимидан олиб ташланди. Доно халқимиз “ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” деб бежиз айтмаган-ку!? Ажойиб нақллар яратган халқимиз ўзини-ўзи цензура қилишни ўрганган.

Йиллар ўтди, технология янада ривожланди. Энди очиқ хатларни бемалол интернетдаги ижтимоий тармоқларда эълон қилиш мумкин. Карим ака мисоли – зиёлилар ўз давридан илгарилиб, олдинда юришига битта ўрнак, холос.

Хуллас, Ўзбекистонда хусусий телевидениелар тўғрисида махсус қонун яратиш зарурлиги ҳам таклиф қилинган таҳлилий мақоламга “Ҳуррият” юзини кўриш насиб қилмади. Мақола орадан ярим йил ўтиб “Мулкдор” газетасида чоп қилинди. Бироқ, ҳалигача Ўзбекистонда телевидение ва радио тўғрисида қонун мавжуд эмас. Қонунчиликка зид равишда ЎзМТРК, амалда, телевидение соҳасини монополия қилиб олган. Бундан ташқари, ҳаво йўллари, темирйўлда йўловчи ташиш соҳалари қонун асосида ҳалигача давлат монополиясида қолмоқда.

Асрор ака Аброрхўжаев менга “Олий хўжалик судида ишлар экансиз. “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувига малакали муаллиф ва бошловчи тополмаяпмиз. Уни сизга берсак нима дейсиз?” деб қолди. Ҳайрон бўлиб қолганимни кўриб, “Умидахон билан Комилжон ёрдам беришади. Душанба куни съёмка қилишлари керак. Кўрсатувни қайси мавзуга бағишлайсиз?” деб, дангалига ўтиб қўяқолди.

Тўғрисини айтсам, у пайтлар кабел телевидениеси орқали рус каналларини томоша қилганим учун Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувларини деярли кўрмасдим. “Ҳуқуқ ва бурч” номли кўрсатув борлигини умуман эшитмагандим. Россия телеканаллари анча дадил эди, ижтимоий-сиёсий муаммоларни қўрқмасдан эфирга олиб чиқувчи бошловчи ва муаллифларни, ҳақиқий жонли кўрсатувларни томоша қилишни яхши кўрардим. Нега “ҳақиқий жонли” деганимни кейинроқ батафсил англатаман.

Кўрсатув мавзуси ҳақида кўп ўйлаб ўтиришга вақтим йўқ эди. Муаллиф ва бошловчи ўлароқ илк кўрсатувимни ўзим ишлаётган Олий Хўжалик судига бағишладим. Режиссёрим Раҳимжон кўрсатув сценарийсини қандай ёзиш ва суратга олиш жараёни ҳақида у ёқ-бу ёқдан бироз тушунтириш берган бўлди. Нимагадир, ҳамма ишни ўзимга ташлаб қўйди.

Буни кейинроқ тушундим, чунки кўрсатув муаллифи ҳам, бошловчиси ҳам ўзим бўлганим учун нимани ёритиш, кимлар билан суҳбатлашиш бутунлай ўзимга боғлиқ экан! Мен ҳамма нарса қолипга солинган “маконда” кўрсатув тайёрлайман, ҳар бир босган қадамим ўлчанади, деб ўйлаб, анча адашган эканман. Ўша пайтлар ТВда бироз бўлса-да муаллифларга эркинлик берилган экан. Бунга кўрсатувни қайси мавзуга бағишлаш ва кимлардан интервью олиш ҳам кирар экан. Афсуски, йиллар ўтган сари цензура кучайиб, бу ҳуқуқлар аста-секин қўлимиздан тортиб олинди.

Хуллас, душанба куни эрталаб ТВнинг суратга олиш гуруҳи битта “маршрутка машина”да судга етиб келди. Ўша ерда Умида Усмонова билан танишдим. Бу дилкаш журналист ўша пайтлар хотин-қизлар орасида жуда машҳур бўлган “Азизим” кўрсатуви бошловчиси ва муаллифи эди. Умида билан анча йиллар баракали ҳамкорлик қилдик. 2002 йил декабр ойида “Ҳуқуқ ва бурч” ҳамда “Азизим”нинг беш йиллик юбилейини биргаликда тайёрлаб, Миллий театр биносида томошабин билан лиқ тўла залда тасвирга туширдик.

Кейинчалик Умида менга айтишича, у илк бор кўрсатувим тасвирга олинган куни ҳар эҳтимолга қарши келган экан. Агар мен эплай олмасам, кўрсатувни ўзи олиб бориши керак экан. Худога шукр, ҳамма нарса кўнгилдагидек ўтди. Эртасига студияда кўрсатувни беш соат монтаж қилдик. Одатда илк уч соатда хомаки монтаж қилинади, кейин эса бошқа монтаж хонасида титрлар, мусиқа ва эффектлар қўшиб, сайқалланади.

Чоршанба куни эрталаб Комилжон телефон қилиб, кўрсатув “просмотр”дан ўтганини, бошлиқлар мен ҳақимда сўрашганини, уларга маъқул бўлганимни айтиб берди. Шунга қарамасдан, мен республика телевидениесида муаллифлик кўрсатуви тайёрлаганимга ишонолмасдим. Ҳатто, бу ҳақда яқинларимга ҳам дадил айтолмай, “бугун кечқурун телевизорга қараб қўйинглар, мени кўрсатишлари мумкин” деганман.

Шундай қилиб, адашмасам 1997 июл ойи охирларида илк кўрсатувим эфирга узатилди.

“Ҳуқуқ ва бурч” ҳар икки ҳафтада бир марта эфир юзини кўрарди. 1998 йил иккинчи ярмидан кейин “Халқаро” телеканали тугатилиб, ўрнига “Ёшлар” телеканали ташкил этилгач, кўрсатувим янги каналга ўтказилди.

“Ҳуқуқ ва бурч”ни беш йилдан ортиқ давр мобайнида олиб бордим. Дастлабки пайтларда кўрсатувдаги исм ва фамилиям остига Туркияда олган даражам – “ижтимоий фанлар магистри”ни ҳам қўшиб ёздирардим. Орадан бир неча ой ўтиб, раҳбарият бу даражани Туркияда олганимни билгач, ёзмасликни сўради. Ўзбек мухолифати лидерининг Туркияда бошпана топганлиги учун икки давлат орасига тушган совуқлик илмий даражамни “бошига етди”.

Мен ҳар ой штатдаги анча-мунча ходимлардан ҳам кўпроқ кўрсатув ва лавҳа тайёрладим. Шунга қарамай, мени телевидение штатига ишга олишмади. Доим штатсиз мухбир ўлароқ қолдим ва ҳар уч ойда телевидениега кириш учун рухсатномани янгилатардим. Баъзан рухсатнома бериладиган хонада телевидениега келган фуқаролар билан рухсатнома берилишини кутиб туриб қолардим. Улар мени танишиб, “бу кўрсатув бошловчиси нега рухсатнома олгани турибди экан?” деб ҳайрон бўлишарди.

Дастлабки пайтларда халқаро ҳуқуқ борасида Туркия, АҚШ, Буюк Британия ва Япония элчихоналарга бориб, элчилар, консуллар ва маслаҳатчилардан интервьюлар олганман. 2000-йиллар бошларида менга ўхшаб “ўзбошимчалик” билан элчихоналарга боришга чек қўйишди ва фақатгина раҳбарият рухсати билан чет эл ваколатхоналаридан интервью олиш тартиби жорий қилинди. Аслида бу – журналистларнинг ахборот излаш ва олиш ҳуқуқини чеклаб, цензура ўрнатишга киради.

Айтганча, цензура мавзусига алоҳида тўхталиш зарур. Чунки, айнан қаттиқ цензура мавжудлиги Ўзбекистон телевидениесини бугунги аҳволга олиб келди. ЎзМТРК, таъбир жоиз бўлса, Президент Девони ва Миллий Хавфсизлик Хизмати назоратидаги ҳукумат мафкурасини тарғиб қилувчи кучли ва ҳайбатли қуролга айланиб қолган.

Сўз эркинлиги кишиларнинг воз кечилмас ҳуқуқи сифатида кафолатланган Америка Қўшма Штатлари билан МТРКда юзага келган вазиятни солиштирайлик.

Америкада амал қилаётган сўз эркинлиги конституция орқали кафолатланган. Бу ҳуқуқ тортиб олиб бўлмайдиган ёки чеклаш мумкин бўлмаган ҳуқуқлар тоифасига киради. Шунинг учун, масалан, давлат сирини қўлга киритган журналист уни бемалол эълон қилиб, эвазига катта пул ва обрў қозонади. Давлат ўз сирини сақлай олмаса – бу фуқаронинг муаммоси эмас, балки давлат ва ҳукумат идорасининг муаммоси ҳисобланиши ҳам мантиқан тўғридир.

АҚШда “давлатга тегишли телевидение, радио, газета ёки журнал” деган тушунчанинг ўзи йўқ. Чунки, барча ОАВлар хусусийдир. Мамлакатда сўз эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқи қай даражада кафолатланганига бир мисол келтирай.

2017 йил 19 февралда АҚШнинг “СВS” телевидениесидаги “Матбуот билан учрашинг" (“Meet the Press") кўрсатувида сенатор Маккейн билан интервью кўрсатилди. Кўрсатув ҳар якшанба куни эрталаб эфирга жонли узатилади. Унда сенатор интервью олаётган журналистга "Мен оммавий ахборот воситаларидан, хусусан сиздан нафратланаман. Лекин, эркин матбуот керак" деди. Интервью сўнггида журналистнинг ойдинлик киритиш учун "мендан қанчалик нафратланасиз?" деган саволига Маккейн жавоб бермай, мийиғида кулиб қўйди, холос.

2017 йил феврал ойида оммавий ахборот ходимлари учун махсус матбуот анжумани ўтказган Трамп журналистларни ёлғон хабар тарқатиш, тарафкашлик ва президентни ёмон отлиқ қилиб кўрсатишга уринишда айблади. “Фейк ньюс” – “ёлғон хабар” деган ибора шу тариқа оммалашиб кетди. Шунга қарамасдан, унинг гаплари цензура қилинмасдан, ҳамма ОАВ томонидан батафсил ёритилди. Журналистлар президентга тўйгунча савол беришди.

АҚШ президенти қаерга бормасин, журналистлар албатта уни савол ўқига тутишади. Ўзбекистонда эса бирорта журналист – президентни бир четга қўйиб турайлик – олий лавозимларда ишлаётган кишиларга уларнинг фаолиятидаги камчиликлар ҳақида савол бера оладими? Амалдаги президент ҳали бирор марта матбуот йиғилиши ўтказмагани эса дунё сиёсий оламида ғайритабиий ҳол саналади.

Бизда президент журналистлар билан тортишмайди, аксинча, уларни вақти-вақти билан «дадилроқ бўлинглар» деб, танқид қилиб туради. Журналистнинг «ноқулай» савол бериши «катталарга нисбатан ҳурматсизлик, бетгачопарлик, маънавий қадриятларимизга зид» деб баҳоланади. Аксинча, ОАВ ва журналистлар президент ва ҳукуматни ҳар томонлама тарғиб қилади ва ҳокимиятга хизмат қилади. Чунки, бизда “давлат арбоблари ҳеч қачон янглиш иш қилишмайди”.

Гапимиз қуруқ бўлмасин. 2017 йил 15 апрел куни "Ахборот"да Самарқанд вилояти Ургут туманида эркин иқтисодий зона ташкил қилиш ҳақидаги лавҳани кўрдим. Президент Мирзиёев нималар қилиш зарурлиги ҳақида гапириб, қимматли маслаҳатлар берди. Қўлида қалам ва қоғоз ушлаган амалдорлар бундан олдинги президент даврида давлат бошлиғининг кўзига қарашга қўрқиб, тўхтамасдан бир нарсалар ёзишарди. Бу сафар улар ёзиш ўрнига, президентга қараб, гапларини эшитишди.

Мухбирга интервью берган учта тадбиркорнинг ҳаммаси гапига президентни қўшиб гапирди. Қандай қийинчиликларга дуч келиняпти? Муаммолар қандай ҳал қилинади? Бу ҳақда лом-мим дейилмади. Яна ўзимиз кўрган ва билган эски ҳолат: давлат раҳбари ҳамма соҳани биладиган мутахассис, қолганлар эса – энди ўқишни ўрганаётгани учун “алиф”ни “калтак” дейдиган ўқувчилар.

Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда ташкил қилинган “Халқ қабулхонаси”га боргани ҳақидаги лавҳа бошида “Ахборот” мухбири “халқ қабулхоналари адолат масканига айланиб бормоқда” деди. Келинг, шу битта гапнинг ўзини таҳлил қилайлик.

Хаёлга келадиган илк савол шу: “Нима, бундан олдин Ўзбекистонда адолат маскани бўлмаганми?”

(давоми бор)
(2017 йил, апрел, жузъий қўшимчалар киритилди)

Давлат монополияси остидаги телевидение (1-қисм)

Видео илова:

1997 йил июл ойида эфирга узатилган турк ҳажвий миниатюраларини қуйида кўришингиз мумкин:

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан