Декабрда 800 йил ичида биринчи марта юз берадиган ноёб астрономик ҳодиса кузатилади

Декабрда 800 йил ичида биринчи марта юз берадиган ноёб астрономик ҳодиса кузатилади

Олимлар 2020 йил 21 декабрда қуёш ботгандан кейин Юпитер ва Сатурн сайёралари ўрта асрлар вақтидан бери биринчи марта тунги осмонда бир-бирига минимал масофага яқинлашишини айтмоқдалар. Бу ҳақда Phys.org нашри маълум қилди. 

Икки газ гиганти ҳар 20 йил бир-бирига яқин масофага келади. Аммо улар бир-бирига камдан кам ҳолатда минимал масофага яқинлашади. Охирги марта бундай яқинлашув 1226 йил 4 мартида юз берган. 16-25 декабр кунлари Юпитер ва Сатурн ўртасидаги масофа Ердан туриб кузатилганда тўлин ойнинг бешдан бир қисмига тенг бўлади ва икки сайёра гўёки қўш сайёрадек кўринади. 

Экватор аҳолиси бу ҳодисани кузатиш учун энг яхши шароитга эга бўлади, аммо уни об-ҳаво шароити имкон берса, дунёнинг исталган бурчагидан кузатиш мумкин бўлади. Сайёралар қуёш ботгандан бир соат кейин осмоннинг ғарбида кўрина бошлайди. Кузатувчи қанчалик шимолроқда жойлашган бўлса, сайёралар уфқ ортига кетмасидан унда ушбу ҳодисани кузатиш учун шунчалик камроқ вақт бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сайёралар кейинги сафар 2080 йил 15 мартда, сўнгра 2400 йилдагина яна бир-бирига яқин келади.