Экспорт муаммолари: онлайн платформа йўқ, логистика қиммат, бюрократия ва бошқалар

Экспорт муаммолари: онлайн платформа йўқ, логистика қиммат, бюрократия ва бошқалар

Ўнлаб тонна гилос, олма, хурмо, мош-ловия ва қовун-тарвуз ортиб чет элга кетаётган узун ва катта фураларни кузатганча хаёлингизда экспортчиларнинг киссасига тушувчи мўмай пулларгача ҳисоблаб кўргансиз. Дарҳақиқат, экспорт, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти Ўзбекистонда ҳали охирига етилмаган хазинадир. Агар ушбу соҳа оқилона бошқарилса давлатимизга миллионлаб доллар келтиришга қодир. Бироқ тайёр маҳсулотни ажнабий истеъмолчига етказишда қандай тўсиқларни ошиб ўтилади? Уларни қандай бартараф этиш мумкин. Суҳбат-мақолада ёш экспортчи-тадбиркор Суннатилло Ортиқов tarjumon.uz нашрига кўплаб муаммоларни санаб берган.

Аввало, тадбиркор учун керак бўладиган нарса бу – албатта товардир.

Товар қаерда арзон бўлса, табиийки, тадбиркор ўша ердан уни харид қилиб олади.

Дунё миқёсида шу соҳанинг бевосида ичида бўлганим учун, уни ўрганиб юриб бемалол айтишим мумкинки, Ўзбекистонда чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жаҳон бозорида бошқаларникига нисбатан бир неча баробарга арзон. Биздаги асосий муаммо эса, ўша арзон маҳсулотни сифатини бузмаган ҳолатда, жаҳондаги қиммат ва юқори нархларда сотиладиган бозорларга етказиб бериш ёки сотиш билан боғлиқ масала ҳисобланади.

Ўзбекистон қонунчилигида шунақанги бир ҳолатга дуч келасизки, экспорт билан шуғулланувчи корхона, албатта маҳсулот ишлаб чиқарувчи бўлиши керак, деган тушунча мавжуд. Яъни, шу соҳага оид қонун билан танишиб чиқиб, мана шундай хулосага келиш мумкин.

Аслида, дунё тажрибаси билан қиёслайдиган бўлсак, эскпорт билан шуғулланувчи корхона ёки ташкилот, шартли равишда ишлаб чиқарувчи бўлиш керак, деган тушунча, бирор бир ривожланган давлатлар қонунларида қайд этилмаган. Ҳар ҳолда, шахсан буни кузатмадим.

Энди ўзимизга саволлар бериб кўрайлик. Оддий деҳқон-фермер, маҳсулотини етиштириганидан кейин, уни сотиш учун ёки экспорт қилиш учун шу ишларни билимдонлари ҳисобланган экспортёрларга, яъни соддароқ ном билан айтганда, савдогарларга муҳтож бўладими?

Ёки оддий деҳқон дунё кезиб, масалан, Японияга, Кореяга, Европа давлатларига ёки Австралияга, Янги Зеландияга қатнаб, у ердаги бозорларни таҳлил қилиб, келаси йилга нима экиши кераклиги бўйича режалар тузиб юрадими?

Албатта йўқ. Табиийки, бу ишларни бажаришга жисмонан улгурмаслиги битта сабаб бўлса, бу ишлар алоҳида билим ва тажрибадан ташқари, қўшимча сарф-харажатларни талаб этади. Балки, оддий деҳқон учун энг осон ва қулай тарафи, ички бозордаги харидоргир бўлган махсулотларни етиштириб сотиш афзалдир.

Биз каби экспортёрлик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг вазифаси эса, Ўзбекистон бозорини ва ўз навбатида дунё бозорини ўрганган ҳолда, қайси мамлакатнинг, қайси шаҳарида бизнинг маҳсулотга бўлган талаб борлигини ва тез сотилишини ҳамда у ерга етказиб берилиш харажатларининг ҳисоб-китобини қилиб, ўз фойдамизнинг баҳосини аниқлаб чиқиш ҳисобланади.

Шундай ҳисоб-китобларга таяниб, дунёнинг бир нечта шаҳарларига маҳсулотларни экспорт қилиш мумкин.

Ана энди, муаммолар ҳақидаги саволларни кўриб чиқсак.

Бирламчиси бу, энг аввало биздаги экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг шу соҳага оид Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги билан боғлиқ муаммоларидир. Яъни, қонун биз каби экспортёрларни моддий товар ишлаб чиқарувчи тадбиркор сифатида кўради.

Аввал бошида айтганимдек, тадбиркор учун керакли нарса бу товар-маҳсулот. Ички бозоримиздан керакли бўлган маҳсулотни топдик ҳам дейлик. Аслида, Ўзбекистон ичида экспортбоп маҳсулот топишнинг ўзи бир катта муаммо ҳисобланади.

Ҳозирги ахборот технологиялари ривожланган бир замонда Ўзбекистонда онлайн бозорлар йўқ ҳисобида десак бўлади. Яъни, улгуржи-кўтара маҳсулотлар сотиладиган онлайн бозорлар йўқлиги ҳам муаммо саналади.

Телеграмдаги эълон берувчи бир нечта каналлар эса, бу давлат структураси даражасидаги ахамиятли платформа эмас. Буни муаммо сифатида иккиламчи тартибда санаб ўтамиз.

Энди шу иккиламчи муаммога қисқароқ тарзда қўшимча изоҳ бериб ўтсам. Яъни, бу муаммо деҳқонлар билан ёки умуман олганда, ишлаб чиқарувчилар билан боғлиқ масала ҳақидадир.

Шу ўринда логистика хақида ҳам бироз маълумот бериб ўтиш керак. Логистика деганда кўпчиликнинг оддий тасаввурида юкларни узоқ ва яқин манзилларга ташувчилар гавдаланади. Аслида эса, логистика бутун бир тармоқ, боғланиш демакдир.

Мисол учун, бизни мамлакатимиз шароитини оладиган бўлсак, мен каби тадбиркор билан экин етиштирадиган деҳқон ўртасида бевосита ўзаро боғланиш, яъни логистика йўқ.

Мамлакат ичи бўйлаб экспортбоп маҳсулотни изланар экан, мен каби тадбиркорлар шундай маҳсулот етиштирган деҳқонни излаб топиши керак бўлади. Кўпинча бундай деҳқонларни излаш давомида, албатта, ўртада далолларга дуч келаман. Яъни, ўртада туриб ўзининг озми-кўпми фойдасини қўшадиган учинчи, тўртинчи объектлар туриб қолади.

Бу эса маҳсулотнинг нархи сунъий равишда ошишини англатади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, биз жаҳон бозорига нархи ва сифати билан рақобатлаша оладиган маҳсулотлар таклиф эта олишимиз керак ва шундагина экспорт ҳақида бемалол гапиришимиз мумкин бўлади.

Энди, агар биз экспортни ривожлантирмоқчи бўлсак, бозорнинг замонавий инфраструктурасини шакллантиришимиз керак. Ва, ҳақиқатан, жаҳон бозорига Ўзбекистон маҳсулотларини сотмоқчи эканмиз, мамлакатда онлайн қидирув бозорлар базасини шакллантиришимиз керак бўлади.

Бугун бизда барча соҳадаги ишлаб чиқарувчи ва экспортёрларни ўзаро бирлаштирадиган, конструктив тарзда ёндашиб ишлаб чиқилган лойиҳага эҳтиёж бор.

Айни вазиятимизни мисол қилиб оладиган бўлсак, масалан, ўзим арзон ва керакли маҳсулотни топишим учун ҳозирда ижтимоий тармоқларнинг турли телеграм каналлари, сайтларидан фойдаланишга мажбурман. Уларни ҳар бирини очиб қидириш ҳам гоҳида қийинчилик туғдиради. (Устига-устак буларни орасида расмий мақомга эга бўлмаган, инсофсиз товламачилари ҳам учраб туради).

Мана, қўшни Қозоғистонни олайлик, у ерда “Флагма” деб номланган лойиҳа бор (Қозоғистонликларнинг ушбу лойиҳаси мен таъкидлаб ўтган маҳсулотлар онлайн бозори базаси бўлиб, анча қулай ҳисобланади).

Ўзбекистонликларда бу каби лойиҳалар бўлмагани учун, ўз-ўзидан маълумки бундай воситалардан фойдаланишмайди. Яъни, бизнинг оддий экспортёрларимизнинг аксарияти керакли маҳсулотни мамлакат ичидан ўзлари билган йўл билан излашади.

Одатда фақат шу соҳа билан шуғулланувчи одамлар орқалигина, оддий сўраб-суриштирув йўли билан қидиришади. Масалан, фалон жойда, фалончи деган одамда шу маҳсулот бор экан, дейишади. Ўша жойни топиб, ўша маҳсулотни олиб кетишади. Ваҳоланки, бошқаларда худди шундай маҳсулотни, балки сифати жиҳатидан ундан ҳам яхшироқ, нисбатан арзонроқ бўлгани ҳам бордир.

Афсуски, бу хақида маълумот бўлмагани учун, фақат ўша сўраб-суриштирган жойидан олишга мажбур бўлади ва шундай кўникма ҳосил бўлади.

Таржумон.уз: Демак, экспорт учун керакли бўлган маҳсулотни топиш билан боғлиқ иккинчи муаммо, бу экспортёрлар учун замонавий шароитларнинг яратилмагани экан десак бўлар эканда?

С.Ортиқов: Албатта бўлади. Ўз навбатида, бу оддий муаммони маҳаллий ҳокимиятлар даражасида ҳал этиш мумкин. Чунки, уларда ўз ҳудудлари бўйича барча маълумотлар мавжуд бўлади. Афсуски маҳаллий ҳокимиятларимизнинг бу борадаги замонавий ёндашувларини ҳозирча кузатишга мувофақ бўлмадик.

Ваҳоланки, ўша маҳаллий ҳокимиятлар томонидан маҳсулотларнинг моддий базасини, яъни қаерда, қандай, қанча миқдорда ва нархдаги маҳсулотлар борлиги хақидаги маълумотлар базасини яратиш учун ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас.

Масалан, улар оддий қилиб, фалон фермер хўжалигида шунча маҳсулот бор, бошқа фермерда яна маълум бошқа бир турдаги хом ашё маҳсулоти бор ва фалончи парранда фабрикасида шунча тухум бор в х.к. каби расмий маълумотлар базасини яратиб қўйиши мураккаб ва катта маблағ талаб этадиган иш эмаску?!

Мисол тариқасида айтиб ўтаман, Афғонистон, Сурия, Иордания каби мамлакатлар бизнинг мамлакатдан жуда кўп маротаба тухум маҳсулотларини импорт қилиб олиб кетган ёки биздан экспорт қилинган.

Яна, Туркия шу йилнинг ўзида бир неча минг тонна пиёз маҳсулотини биздан импорт қилди. Лекин, ўзим гувоҳ бўлганим, уларга маҳсулотларни топиш жуда-жуда қийин бўлди.

Маҳсулотни топиш билан боғлиқ муаммо борлиги сабаб, керакли маҳсулотни топган жойларимиз ҳам нархни сунъий равишда ошириб юборди. Бундай холатлар кўп булганлиги боис хорижий савдогарлар бизнинг бозорларимиздан эмас балки, Қозоғистон бозорларидан маҳсулотлар ҳарид килишни қулай ва афзал кўришмоқда.

Албатта, айтишлари мумкин, аҳир OLX сайти борку, исталган маҳсулот топиш мумкин бўлган, дея. Афсуски, OLX сайтида экспортёрлар учун керакли маҳсулотлар ва улар учун керакли бўлган маълумотлар топилмайди. Асосан маиший эҳтиёжлар учун мўлжалланган, кўпроқ чакана турдаги маҳсулотларни сотадиган майдонча деб қараш мумкин.

Бизга шу каби, фақат нисбатан каттароқ платформа доирсида ишлайдиган дастур зарур. Фақат у Ўзбекистонда мавжуд ва ишлаб чиқариладиган барча турдаги маҳсулотларни ички бозорида ва ташқи бозорига экспорт қилишга мўлжалланган бўлиши керак.

Бу дастур шундай бўлиши керакки, дунёнинг исталган мамлакатидан туриб ушбу базага кириш имконияти бўлиб, ўша ердан туриб тўғридан- тўғри шартномалар тузиш мумкин бўлсин. Яъни, ўша базада сотувчи экспортёрнинг барча координаталари кўрсатилган бўлиши ва у билан бевосита хорижликлар ҳам боғланиши учун имокният бўлсин. Ёки бошқача тушунтирганда, уларнинг логистиклари ўзлари келиб, маҳсулотни ўз кўзлари билан кўриб, олиб кетадиган даражада шароитларни яратишимиз керак.

Мисол учун малайзияликлар мендан 5 минг тонна мош сўраган. Бу эса 250 дона контейнер дегани. Тасаввур қилаяпсизми, шунча миқдордаги маҳсулот сотилганидан кейин, қанча миқдорда валюта кириб келишини?

Лекин, уларда Ўзбекистонда мош борлигини кўрсатадиган, яъни маълумот берадиган база бўлмагани туфайли, бизда бирор боғланадиган контактлар бўлмагани сабабли мош етиштирилиб, сотилишини билишмайди. Мана шу иккинчи муаммони оқибати.

Мош, ловия, фасол каби маҳсулотларни асосан афғон савдогарлар эгаллашган. Аслида Афғонистонда катта ҳажмда бу каби маҳсулотларни топиш қийин. Лекин, улар ўртада туриб сотишда жуда ишбилармонлик ва устомонлик қилишмокда.

Бизда эса шунча потенциалларимиз бўла туриб, афғонистонликлар даражасида ишбилармонлик қилолмаймиз. Бунга сабаб эса битта. Аввало бунга бизда ташқи бозорлар талабини билмаслигимиз сабаб бўлса, ундан сўнг, экин майдонларимизда ҳали ҳануз мажбурий буйруқбозлик бошқарув шакли сақланиб қолаётганлиги бўлса ажабланмаслик керак.

Хўп. Энди ўша керакли маҳсулотни топдик. (Маҳсулотни биз нақд пулга сотиб оламиз. Аслида бу ҳам алоҳида мулоҳаза юритиладиган муаммолардан биридир.) Топган маҳсулотимизни жойидан транспортировка қилиш билан боғлиқ муаммога дуч келамиз. Бу ерда ҳам худди иккинчи муаммодагидай ҳолат. Яъни, транспортлар хақидаги маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги билан боғлиқ муаммо.

Амалда биз ўша топилган маҳсулотни ташиб олиб келиш учун, юк машиналар тураргоҳига борамиз (“пятак”). У ерда ҳам танлов кам бўлади. Бўлса узоғи 5-10 тача топилар. Ваҳоланки Ўзбекистонда 5 -8 минг атрофидаги миқдорда юк ташувчи автотранспорт воситалари бор дея тахмин қилинади.

Тадбиркорда ҳар доим танлов хилма-хил бўлиши керак. Шунга яраша таклиф бўлиши табиий. Бизда эса маълум бир фирмалар расман фаолият кўрсатади. Сайтига кириб, телефони орқали улар билан боғланасиз. Булардан бошқа фирмалар кам бўлгани учун нархлари ҳам отни калласидай бўлади. Айниқса, пойтахтдан олис бўлган ҳудудларга, қишлоқ жойларига бориши учун жуда катта нархларни айтишади.

Демак, бизда тадбиркорлар учун юк жўнатувчилар, етказиб берувчиларнинг бозорлари бўлиши керак. Айнан транспортировкачилар базасининг йўқлиги бу учинчи навбатдаги муаммолардандир.

Энди, тўртинчи муммога ўтсак. Бу фураларнинг нархи билан боғлиқ муаммодир. Бугунги кунда фураларнинг 1 км учун энг паст нархи 1,5 АҚШ долларга тенг келади. Биздаги фуралар бундай нархни белгилашда, манзилга бориш билан бирга, у ердан жойига қайтиб келиш харажатини ҳам инобатга олиб ҳисоблайди.

Агар юқорида таъкидлаганимдек уларнинг умумий базаси бўлса ёки масалан, худди MY TAXI ёки “Яндекс-Такси” каби форматда ишлайдиган дастур бўлса, у ҳолда ҳалиги нарх 1,5 АҚШ доллари эмас, балки тенг ярмига камайиши мумкин. Чунки улар қайтиши учун ҳам буюртмани дастлабки етиб борган манзилнинг ўзидан олиш имконияти бўлади.

Бизнес учун мана шундай замонавий шароитларни яратиш орқали биз логистикамизни ҳам арзонлаштиришимиз мумкин экан.

Хитойда ёки Европа мамлакатларида юк ташув хизмати шундай шаклда қурилган. Яъни, бориш ва келиш учун битта нарх белгиламайди. Фақат бир томонга нарх қўяди. Улар қайтаётганида ҳам буюртмаси бўлади.

Булар ҳам бизнинг экспортёрлар олдида турган муаммо ҳисобланади.

Ўз навбатида эслатиб ўтишим керакки, муаммолар сифатида санаётган ҳар бир ҳолатнинг экспорт қилинаётган маҳсулот таннархига таъсири бўлиб, унинг қимматлашувини келтириб чиқаради. Бу эса жаҳон бозорида бизнинг маҳсулотимиздан ҳам арзонрок таклифлар билан рақобатлаша олмаслигимиздан дарак бериши мумкин.

Такрор айтаман - экспорт учун асосийси, арзон нарх ва сифатли маҳсулот.

Бугунги юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун, албатта, дизел ёқилғиси зарур бўлади. Бизда давлат курси бўйича биржадаги дизелнинг нархи 8 минг сўм. Қўлда ёки расмий тилда айтилганда, “қора бозорда” нисбатан арзонроқ.

Ҳозирги мавжуд ҳолатда фуралар Қозоғистондан ёқилғи бакларини тўлдириб, Ўзбекистонга олиб киришади ва ҳатто, шундан ҳам фойда кўришади. Чунки, унинг нархи 6 минг сўмгача боради.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, гарчи “қорабозор” бўлса-да, ўша дизел учун сарфланаётган пул Қозоғистонда қолиб кетаяпти, десак бўладими? Ваҳоланки, ўша дизел ёқилиғисини ўзимизда расман 5 минг сўмда нарх белгилаб, сотсак бўлмайдими? Масалан, “Ўзбекнефтегаз” каби компанияларимиз шундай нархни белгилаш масаласини кўриб чиқса бўладими?

Ҳатто, мавсум бўлмаган пайтларда ўша “қорабозордаги” дизел арзонлашиб, 4 минг сўмгача тушиб кетади. Мана, айни мавсум авжига чиққан пайтда дизел ёқилғисини нархи 6 минг сўмга чиқиб олди. Ҳатто, шу нархда ҳам дизелни топиш муаммо.

Демак, экспортёрлар олдида турган бешинчи муаммо - бу дизел ёқилғисининг Ўзбекистонда қиммат нархдалиги.

Нарх қимматлигини мутасаддилар дизелни қайта ишлаб чиқилиши билан изоҳлашга уринишади. Аслида бу ҳам хақиқий сабаби эмас, деб ўйлайман. Чунки бу ерда ўзига хос фойда кўзланади, яъни ўша дизел катта миқдордаги пулга сотиб олиб қўйилади ва кейин “баракатопгур” монополист шоввозларимиз ўша нархдан туширмай сотишади.

Демак, дизел нархи муаммосини қайсидир маънода монополия билан боғлаш мумкин. Бунисига ҳам кўниб, лоақал экпортёрлар учун дизел нархларини ихчамлаштириш чоралари кўрилса, ушбу муаммога қисман ечим топилган бўларди.

Импортёрлар барибир дизелни Қозоғистон, Туркманистон ёки бошқа қўшни давлатлардан қуйиб олишади. Улар биздан сотиб олмайди. Экспорт қилувчилар учун лоақал ўша 8 минглик дизелни борадиган манзилининг ярим масофасигача қисми учун арзонлаштирилса, бу ҳам қайсидир жиҳатдан экспорт учун ёрдам бўлар эди.

Буни, ушбу муаммонинг ечимига берилган битта таклиф сифатида кўриб чиқиш мумкин. Яъни, бу экспорт қилувчилар учун таннархини арзонлаштиришга қўшимча имконият десак тўғрироқ бўлса керак.

Хуллас, биз дастлаб, экспорт қилинадиган маҳсулотни топдик, уни ташиб берадиган юк ташувчи фурани ҳам топиб ёлладик ва унга ўша маҳсулотни ортиб, эшигини тамғаладик дейлик.

Энди юкни олиб Ўзбекистондан чиқиб кетиш дарвозасига борилади.

Божхоначилар ҳам мавсум ва мавсумдан ташқари пайтларни жуда яхши билишади, лекин шунга қарамай, ҳалиги юк ортилган транспорт, масалан кундузги соат 8:00 да божхона назоратига етиб борган бўлса, шу билан эртаси куни кундузги 10-11:00 ларда божхона кўригидан ўтиб, чиқиб кетиши мумкин. Ҳар ҳолда бугунги ҳолат шундай.

Маҳсулотни манзилига етказиб бориш учун транспортировка қилиш муддати кўпи билан 5 кун бўлса, юк машинаси ичидаги маҳсулоти билан нақд бир суткани Ўзбекистон чегарасининг ўзида йўқотади. Яъни, сифати бузилиши мумкин маҳсулот божхона назоратида камида бир сутка ушланиб қолинади.

Ваҳоланки, бизнесда суткалар эмас, соатлар эмас, ҳатто дақиқалар ҳам эмас, балки гоҳида сониялар ҳам муҳим рол ўйнайди.

Дўконларга маҳсулот қанча эрта етказиб берилса, улар учун ҳам жуда қулай вақт ҳисобланади. Агар кечга яқин етказилса, кўпинча уни қабул қилишмайди. Чунки, кеч бўлгач, дўкон ёки базадаги ишчилар уй-уйига тарқалиб кетган пайтига тўғри келади.

Худди шунингдек, куннинг ўртасида ҳам етказиб берилган маҳсулот кўпинча қабул қилинмайди. Оқибатда ҳалиги олиб борилган маҳсулотимиз яна бир кунга чўзилиб, сифат кўрсаткичлари яна пасайишига сабаб бўлади.

Айтганча, божхонага етиб боргунча энг долзарб бўлган яна битта катта ва қайси бир маънода мантиқ билан қарайдиганлар учун кулгили бўлган муаммони эътибордан четда қолдирибмиз.

Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотига бериладиган санитария сертификатини бериш билан боғлиқ муаммо. Бу ерда жуда ғайриоддий ҳолатнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин. Масалан, Фарғона водийсида етиштирилган маълум бир қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун сертификатни Жиззахдан олишингиз керак бўлади. Кулгили а?

Ҳозир халқ учун қулай бўлган давлат хизматларини кўрсатувчи ягона дарча идоралари одамлар учун жуда кўп енгилликларни яратилишига сабаб бўлди.

Ахир, худди шундай йўлларни жорий этиш орқали, экспортёрлар учун зарур бўлган сертификатни олишни ҳам енгиллаштириш мумкин эмасми? Жумладан, Европа давлатлари, Россияда арзимаган 1-2соат ичида ўшандай сертификатни олиш мумкин. Ҳатто қўшни Қирғизистонда ҳам жараён бунчалик мураккаб эмас.

Бизда эса шу ҳам муаммо бўлиб сақланиб турибди. Битта сертификатни олиш учун, тахминан, 1 млн. сўм тўловни амалга оширишингиз керак бўлади. Ваҳоланки, бу ҳам сарф-харажатлар рўйхатига кириб кетади ва албатта, умумий таннархга таъсирини ўтказмай қолмайди.

Ўша сертификатни олиш учун вақт муаммоси ҳам мавжуд бўлиб, унга уч ёки тўрт кунлаб вақт сарфланади. Гоҳида янаям чўзилиб кетиши мумкин, яъни бир ҳафта, ўн кунгача боради.

Бу санаб ўтилган муаммо фақатгина автотранспорт билан экспорт қилишда дуч келинадиган муаммолар холос. Ҳаво ва темир йўл транспорти орқали амалга ошириладиган экспортларнинг ҳам худди шу каби жараёнлар билан боғлиқ муаммолари мавжуд.

Дастлаб самолёт орқали экспорт қилишда дуч келинадиган муаммоларни батафсилроқ кўрсатиб ўтишга ҳаракат қиламан.

Хўш самолёт билан ташишда қандай муаммолар бор? Аслида самолёт билан харажатлар унчалик қиммат бўлмаслиги керак. Айни вақтда унинг нархи, бир килограмм юк учун 3,3 АҚШ долларини ташкил этади.

Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Ўзи экспорт қилинадиган маҳсулотнинг тан нархи 50 центлик бўлса, агар унинг устига яна 3,5 АҚШ доллари қўшилса, киймати 4 долларга ўзгаради. Яна 1 доллар божхона харажатлари, ортиш, тушириш, сақлаш каби харажатлар билан қиймати 5 АҚШ долларига, аэропортдан манзилга етгунича яна 1 доллар. Хорижда сервислар қимматлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Хуллас, жами 5,5 – 6 долларни ташкил этди.

Мен 0,50, баъзида 0,10 -0,15 цент фойда килсам, гипермаркетлар 1 доллар устига қўйишади. Демак, уни камида 7 АҚШ долларидан сотишимиз керак бўлади. Яъни, Ўзбекистонда 50 цент турган маҳсулот етиб борганда 7 АҚШ долларига айланмоқда.

Ваҳоланки, худди шу маҳсулот бошқаларда ҳам бор. Табиийки уларнинг маҳсулотлари бизникига нисбатан арзонроққа тушади. Айтайлик, 5 долларга сотишганда ҳам биз эмас, улар бозорни эгаллашади.

Ажаблантирадиган тарафи, аслида четга зарар билан сотиладиган автомашина корхонамизга, давлат томонидан унинг қоплаб берилишидир. Яна қўшимчасига уларга импорт килишлари учун ҳам ҳеч кандай божхона тўловлари мавжуд эмас.

Давлат томонидан уларга шунча кўп имтиёзлар берилса-да, минг- минглаб инсонлар банд бўлган экспортёрлар учун ҳеч қандай имтиёзлар бўлмаса, булар ахир ўша корхонадан ҳам кўпроқ валюта олиб келишади-ку?!

Гапимнинг исботи сифатида, мана бу суратга эътиборингизни қаратган бўлардим.

Ўзбек агросаноати пахтадан ташқари экспортининг 2018 йилги кўрсаткич қиймати 101 млн. долларни ташкил этган.

Энди темир йўл транспортидаги экспорт билан боғлиқ муаммони кўтарадиган бўлсак, уни Россия ва Қозоғистон темир йўл транспортировкаси билан таққослаганда, бизникига нисбатан қиммат ҳисобланади.

Нима сабабдан? Гап шундаки, бизда вагонлар етишмаслиги муаммоси мавжуд. Аксарият вагонларни биз Қозоғистондан ижарага оламиз. Ваҳоланки, битта вагоннинг ижараси бир ойга 1000 долларни ташкил этади. Шу жойда яна савол пайдо бўлади. Наҳотки, бизда ўша вагонларни ишлаб чиқаришнинг иложи бўлмаса?

Ахир, бизда Тошкент Механика заводларида, бир пайтлар танклар ишлаб чиқарилгани каби йирик корхоналаримиз бор эмасмиди?

Битта вагон қиймати 8000$ ни ташкил этади. Ойига 1000$ ижара тўланса 8 ойда бу ўзини қопламайдими? Айниқса куз ойларида вагон шунақанги дефицит бўладики! Сабаби шу пайтда буғдой ташиш бошланади.

Яъни Қозоғистондан, Россиядан буғдой юклаш бошланиб, буғдойни импорт қилувчи Хитойда вагонлар узоқ вақт туриб қолади ва бу юқорида таъкидлаганимдек, вагонлар етишмаслиги муаммосини келтириб чиқаради.

Хитой ҳақида гап очилганда, бир нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, Хитойдан истаганча маҳсулот олиб чиқиш мумкин, яъни импорт қилишингизда муаммо йўқ. Лекин Хитойга умуман экспорт маҳсулот олиб кириш мураккаб ёки кимдирлар томонидан эгалланган ёхуд иложи йўқ.

Ҳатто Россиянинг Владивосток шаҳрига Хитой транзит йўли орқали ўтишга ҳам рухсат беришмайди. Ваҳоланки, Хитойда логистика шунчалик зўр йўлга қўйилганки, Хитойнинг бир бурчагидан бизнинг Урганч шаҳрига етказиб бериш ҳозир бир килограмига 50 центни ташкил этади. Таққослаш учун бизда бу 1 доллардан ошади.

Хулоса қилиб таъкидлаб ўтишим керак-ки экспортёрлик соҳасида биз жуда нўноқмиз. Биз учун фақатгина Россия бозори бордай. Бошқаларига аввал бошида айтганимдай уқувсизлигимиз панд беради.

Сабзавот ва мева соҳасида экспортёрлар орасида “International food service” деган сифат сертификати юритилиб, бу халқаро мақомдаги ҳужжат ҳисобланади. Мана шу сертификатга эга бўлган экспортёр исталган жойга маҳсулотини сотиш имконияти кенгайиши мумкин.

Афсуски, бизда бундай сертификатни олиш йўлга қўйилмаган ёки мен билмайман. Агар олиш мумкин бўлса ҳам бу жуда мураккаб, яна бир тахмин, бизда энди иш бошлаган янги экспортчиларни сиғдирмаслик эҳтимоли бор.

Умуман, бизда аграр соҳасида шу билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд. Масалан биз Кореяга экспорт қилмоқчи бўлганимизда вазирликлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўқлигини сабаб қилиб, бизни маҳсулотни киритишмаган пайтлар бўлди.

Аграр соҳасидаги яна бир дуч келинаётган муаммо бу охирги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз таркибида меъёридан юқори бўлган кимёвий пестицидлар мавжудлигидир. Оқибатда бошқа мамлакатларга киритилмаслик ҳолатлари учраб турибди.

Бизнес инсайдер Суннатулло Ортиқов

Тarjumon.uz билан ҳамкорликда тайёрланган