Эрон ўлдирилган ядро физиги учун қасос олишга ваъда берди

Эрон ўлдирилган ядро физиги учун қасос олишга ваъда берди

Эрон ҳукумати мамлакат Мудофаа вазирлиги илмий-тадқиқот ва инновация ташкилоти раҳбари Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишига жавоб қайтаришга ваъда берди. Бу каби баёнот билан Эрон олий етакчисининг маслаҳатчиси Ҳусайн Деҳқон чиқиш қилган, деб хабар беради Mehr агентлиги.

«Биз шаҳиднинг қотилларига яшин каби уриламиз», — дейди у.

Шунингдек, Эрон президенти Хасан Руҳоний ҳам ядро физигининг ўлими жавобсиз қолмаслигини маълум қилган. «Мазкур жиноят жавобсиз қолмайди, ўз вақтида унга жавоб қайтарилади», — дейди Руҳоний.

Аввалроқ Фахризода машинасига террорчилар ҳужум қилгани тўғрисида хабар берилганди. Олим унинг қўриқчилари ва ҳужумчилар ўртасидаги отишмада жиддий жароҳат олган ва кейинчалик касалхонада вафот этган.

Фахризода Эрон ядро дастурининг етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири эди, 2018 йилда Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху олимни Теҳроннинг барча ядро лойиҳасининг раҳбари эканлигини айтган. ОАВлар уни «Эронлик Oppengeymer» ва «Эрон бомбасининг отаси» деб атаган. Қайд этиш жоизки, Эронда ядро қуроли ҳозирча яратилмаган.