Эронга коронавирус қайтмоқда - мамлакатда ўлим бўйича кунлик антирекорд янгиланди

Эронга коронавирус қайтмоқда - мамлакатда ўлим бўйича кунлик антирекорд янгиланди

Эронда коронавирус қурбонлари сони рекорд даражада қайд этилди - бир кунда 200 киши вафот этди, дея хабар беради мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий вакили Сима Садат Лари.

IRINN телеканалида эфирга узатилган брифингда ССВ вакили ўтган кун давомида 2,337 янги коронавирус инфекцияси аниқланганини маълум қилди.

Мамлакатда илк маротаба COVID-19 инфекцияси қайд этилган 19 февралдан бери жами коронавирусга чалинганлар сони 245 688, вафот этганлар сони эса 11 931 кишини ташкил этмоқда. Шу билан бирга, 207 000 киши тузалди.

14 июнь куни Эронда икки ойдан кўпроқ вақт ичида биринчи марта кунлик коронавирус қурбонлари сони 100 дан ортди, бундан олдин ўлим статистикаси бўйича уч хонали рақам охирги марта 13 апрелда қайд этилган эди.

Июнь ойининг бошларида Эронда коронавирус юқтирганлар сони сезиларли даражада кўпайиши мамлакатдаги диний амаллар ва кўплаб одамлар тўпланиши мумкин бўлган жойлар, жумладан масжид ва ресторанларнинг очилиши туфайли деб таҳмин қилинмоқда. 

Эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши муносабати билан Эрон расмийлари 5 июль куни мамлакатнинг эпидемиологик вазият ёмон ҳудудларида, жамоат жойларида ва ёпиқ жойларда ниқобларни мажбурий тақишни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилишди.