Фарғона вилояти ҳокимлиги экспортчи тадбиркорларга тўсқинлик қилгани айтилди

Фарғона вилояти ҳокимлиги экспортчи тадбиркорларга тўсқинлик қилгани айтилди

Фото: Экспортчилар уюшмаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раҳбари Мухтор Умаров пандемия шароитида маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчилар дуч келаётган турли тўсиқлар сабаб маҳаллий ҳокимликлар вакилларига мурожаат билан чиқди.

Мурожаат матни уюшма матбуот хизмати томонидан тақдим этилди. Унда айтилишича, айни кунларда баъзи ҳудудлардаги тадбиркорларга нисбатан сунъий тўсиқлар кўпаймоқда.

«Тадбиркорлар манфаатлари нуқтаи назаридан бу ҳақда батафсил маълум қилмоқчиман.

Маълумки, карантин чекловларига қарамай, Республикамизнинг барча ҳудудларидаги ЙПХ масканлари, блок ва тўсиқ постларда «Яшил йўлак» дастури амал қилмоқда.

Унга кўра, тадбиркор ва экспортчилар ҳокимиятлар томонидан берилган рўйхат бўйича юқоридаги масканлардан тўсиқсиз ҳаракатланишини керак.

Аммо, шу кунларда уюшмамизга жуда кўп сонли мурожаатлар келиб тушмоқдаки, бу мурожаатларнинг аксариятини водий вилоятларидаги тадбиркорлар юборишмоқда.

Бу каби эътирозларнинг аксариятини эса ЙПХ масканлари, блок ва тўсиқ постлардаги тўсиқлар ёки ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тадбиркорларнинг ҳаракатланишига тўсиқлар қўйилаётгани ташкил қилади.

Биз уюшма штат бирликларидан келиб чиққан ҳолда ходимларимизни шу каби тўсиқлар кузатилаётган нуқталарга юбормоқдамиз. Ўрганишларда кўриняптики, ҳукумат томонидан тадбиркорларга енгиллик сифатида берилган «Яшил йўлак» дастури барча жойда ҳам тўғри ишламаяпти.

Масалан, Фарғона вилоятида тадбиркорларга берилган шу каби махсус рухсатномаларни тан олмаслик ҳақида ҳокимлик қарори чиқарилган.

Жумладан, Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Қосимов томонидан имзоланган 166/0149-сонли йиғилиш баёни (2020 йил 21 июль) шу мақсадни кўзда тутади. Яъни ҳоким ўринбосарининг бу қарорида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорларга берилган ҳар қандай рухсатномаларни бекор қилиш топширилган.

Шу қарор туфайли бугунги кунда фарғоналик экспортчи ташкилотлар ва тадбиркорлар йўлларда эркин ҳаракатлана олишмаяпти. Табиийки, бу орқали экспорт ҳажми ҳам тушиб бормоқда.

Ҳозир пишиқчилик даври ва тадбиркорларимиз учун айни ҳосилни йиғадиган ва ички ҳамда ташқи бозорга сотадиган пайт.

Мен ҳокимларимиздан тадбиркор ва экспортчилар учун олтинга тенг даврда уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлмасликларини сўрайман.

Агар биз ҳозир тадбиркорларни қўлламасак, бу республика бюджетига оғир юк бўлиб тушади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёевнинг «ҳам иқтисодни ҳам соғлиқни баравар ушлашимиз керак» деган сўзлари замирида катта маъно мужассам эканини эслатиб ўтмоқчиман.

Қандай қилиб Адлия вазирлиги томонидан берилган махсус рухсатномалар ҳудудларда тан олинмаслиги керак?

Бизга тинимсиз равишда қўнғироқлар, мурожаатлар бўлмоқда. Илтимос, тадбиркор ва экспортчилар фаолиятига тўсиқ бўлманг», – дейилади Мухтор Умаровнинг ҳокимликларга мурожаатида.