Фарғонада телеграм-бот орқали жиноят қилган шахс ушланди

Фарғонада телеграм-бот орқали жиноят қилган шахс ушланди

Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, 1 июнь куни фуқаро А.С. ИИБга мурожаат қилган.

Мурожаатда 8 май куни номаълум шахс «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали «Ботирхон Имомхўжаев» номли ботда 5 йил муддатга 10 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача онлайн кредит бериши ҳақида ёлғон хабар бергани айтилади. Ҳамда фуқаронинг ишончига кириб, 28 миллион сўм кредит олиши учун олдиндан 5 % яъни 1 400 000 сўм миқдоридаги пулларини пластик картаси орқали ботнинг карта ҳисобига ўтказдириб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлигини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан Бувайда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни С.У. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.