Федералист №6: Давлат бошқарувини нега аёлларга ишониб бўлмайди?

Федералист №6: Давлат бошқарувини нега аёлларга ишониб бўлмайди?

“Федералист” туркумида навбатдаги мақола Александр Ҳамилтон қаламига мансуб бўлиб, 1787 йилнинг 24-ноябрида нашрдан чиққан. Муаллиф янги конституция лойиҳасига биноан ягона федерал ҳукумат остида давлатни жамлаш ғоясини ёқлашда давом этади ва парокандалик ортидан келадиган ички хатарлар ҳақида огоҳлантиради.

Ҳамилтоннинг фикрича, штатлар мустақиллиги ёки бир неча вилоятлар бирлашмаларига (конфедерациялар) ажраган ҳолатида ўзаро низолар келиб чиқмайди, деб умид қилиш хом хаёлдан бошқа нарса эмас. Қўшнилар ўртасида жанжал чиқиб туриши узоқ тарих билан тасдиқланиб келаётган инсон табиатига хосдир. Ҳасад, очкўзлик, ғаламислик, эҳтирослар каби ички омиллар қанчалик кўп бўлса, уруш очиш учун юзаки баҳоналар сони ундан ҳам кўп бўлган. Мамлакат ичида мустақил бўлган ҳокимлар шахсий ғаризаларини қондириш учун халқнинг тинчлигини қурбон қилиб юбораверадилар. Чунки ҳар бир ҳоким ўз ҳудудининг подшоҳидек ҳис қилиб, ўзгаларни паст тутишга мойиллиги бўлади, яккахон ўзини умумга тенг ва хатто ундан юқори кўради. Айнан шу ҳолат тинимсиз ва кўп сонли уруш-жанжалларни келтириб чиқаради.

1. Муаллиф ушбу ҳақиқатнинг тасдиқлаш учун баъзи тарихий мисолларни келтириб ўтади.

a) Қадимги демократик Афинанинг машҳур давлат арбоби Перикл (милоддан аввалги 494 – 429) бир фоҳишанинг инжиқликларига эргашиб, ўз фуқароларининг қони ва маблағлари эвазига бошқа шаҳарни вайрон этади. У ўзининг бошқа жиноятлари ва хатоларини беркитиш мақсадида  Юнонистоннинг қўшни шаҳарлари билан энг қонли ва узунлиги билан машҳур бўлган Пелопоннес урушини очиб берган. Бунинг натижасида Форслар империясига қарши тузилган юнон давлатларинг катта иттифоқи парчаланиб кетган.

b) Англия қироли Ҳенри VIII (1491 – 1547) саройида хизмат қилган кардинал ва бош вазир Уолси Рум папасининг тахтига ўтиришни орзу қилиб, Испания қироли Карл V нинг фитнасига учади ва Англияни Францияга ҳужум қилишга турткилайди.

c) Саройда катта иқтидорга эга бўлган аёлларнинг фитналари Европа давлатлари бошига кўплаб фалокатлар келтирган, баъзи мисоллар: 

  • Луи XIV 1684 йилда махфий никоҳига олган мадам Мантенон қиролни гугенотлар (франциялик протестантлар)ни аёвсиз таъқиб қилишга кўндира олган);
  • Леди Мальборо 1702–1710 йилларда инглиз қироличанинг яқин маслаҳатчиси бўлиб олдиб, турли инжиқликлари орқали давлат ишларига улкан салбий таъсир ўтказган; 
  • Франциянинг қироли Луи XV нинг ўйнаши мадам де Помпадур эса 1745–1763 йиллар давомида саройда турли фитналарда етакчлик қилар, ўзига ёққан вазирларни тайинлар ва бутун бошли давлат сиёсатини белгилаб берар эди.

d) АҚШнинг қисқа тарихининг ўзида шу каби ҳодисалар рўй берди. 1787 йили Массачусетс штатида Даниэл Шейс деган мансабдор катта қарзга ботиб кетганидан иқтисодий ночор оммани ўзига эргаштириб, судларга қарши қўзғолон кўтарган ва Янги Англияда катта нотинчликлар чиқарган эди.

2. Саноғига етиб бўлмайдиган узоқ ва яқин тарихдан мисолларга қарамай анти-федералистлар (АҚШни ягона марказий ҳукумат остида бирлашувига қаршилар) иддаосича ички савдо-сотиқ манфаатлари, ҳамда штатларининг республика тизимига мансублиги маҳаллий урушлардан тўсиб туради. Александр Ҳамилтон бу аргументни бир зарбада йўққа чиқаради: монархия бўладими, республиками, ҳар бир давлат ИНСОНЛАР тарафидан бошқарилади. Инсон эса ўз ҳокимиятини кенгайтириш, ундан кўпроқ фойдаланиш ғаризаси ва нафсий эҳтирослар остида бузғунчилик қилишни истайди.

3. Муаллиф юқоридаги фикрни тасдиқлаш учун, энг ишончли манба, тарихий тажрибага юзланишга чақиради:

  • Спарта, Афина, Рим ва Карфаген каби қадимги давлатлар республика бўлганлар, улардан Афина ва Карфаген тижорат туридаги республикалар эди. Бунга қарамий улар ҳам мудофаа, ҳам хужум урушларидан бошлари чиқмасди. Спартанинг ўзи бир катта ҳарбий қароргоҳ бўлиб, Рим эса босқинчилик урушлари билан ҳудудларини кенгайтиришдан ҳеч қачон тўймаган. Карфаген тижорий республика бўлишига қарамай ўзини йўқ қилиб юборган урушни ўзи бошлаган эди.
  • Кейинги даврларда (16-аср) Венеция республикаси бутун Италияни тинмай қақшатар эди. Рим папаси Юлий II Франция қироллиги ва Италиянинг майда давлатларини бирлаштириб, 8 йиллик урушдан сўнг зўравон Венецияни тинчлантира олган эди.
  • Голландиянинг республика штатлари (17-аср) денгиз савдо йўлларига устунлик қилиш мақсадида Англия билан жанглар қилиб турар, бошқа масалаларда Франциянинг ашаддий рақиблари қаторига кириб олар эди.
  • Британия ҳукуматида халқ вакилларининг ўрни катта бўлиб, бу мамлакатнинг асрлараро асосий фаолияти савдо-сотиқ бўлган. Лекин бунга қарамай Европада у энг кўп урушлар олиб борган ва уларнинг кўпи айнан халқининг талаби билан бошланар эди. “Таъбирим жоиз бўлса, қироллар уюштирган уруш қанча бўлса, халқ урушлари сони деярли шунча бўлган”, деб ёзади муаллиф ва яқин тарихда содир бўлган Англия билан Испания ўртасидаги қонли можаролар айнан савдогарлар қистови билан бошланганини эслатади.
  • Шунингдек у Шимолий Каролниа, Пенсилвания ва юқорида айтиб ўтилган Массачусетс штатларида бўлиб ўтган нотинчликларни мисол қилинади.

4. Муаллиф мақоласининг охирида ўз замондоши франциялик сиёсий мутафаккир аббат де Мабли сўзларини келтиради:

“Қўшни миллатлар бир бирлари учун табиий душмандирлар. Умумий заифлик сабабидан улар ягона Лига бўлмиш конфедератив республикага бирлашиб, ва бу бирлашувнинг конституцияси ўзаро келишмовчиликларнинг олдини олса (урушга сабаб бўлувчи) ўзаро ҳасад-рашк туйғулари босилиб туради”.

“Мазкур эътироф ҳам дардга ишора қилади, ҳам давосини кўрсатади”, деб якунлайди Ҳамилтон.

Изоҳ: Агар эътибор берилса, федералистларни ўз рақиблари анти-федералистлар билан бир муҳим савол бирлаштиради: давлат раҳбарининг ўз ҳокимиятини суъистемол қилишларидан қандай қилиб тўсиш мумкин?

Анти-федералистлар “марказий ҳокимиятнинг тузилиши штатлар эркинликларини чеклайди ва бутун миллат устидан зулм қилишига осон бўлиб қолади”, деб хавотир қилсалар, Ҳамилтон, Жей, Медисон ва бошқа федералистлар, аксинча, “ҳар қандай назоратсиз қолган ҳокимият, у маҳаллий бўладими ёки марказий, давлат зулмини келтириб чиқаради”, деб ҳисоблайдилар. АҚШга асос солган миллат оталари янги идеал давлат ҳақида орзу қилар экан, улар инсон фазилатлари ҳақида ортиқча хаёлотга берилмас эдилар. Улар давлатни катта иқтидорли шахслар эмас, балки келишилган қонун-қоидалар тизимига бўйин сўнган сиёсатчи раҳбарлар бошқариши зарурлиги ҳақида ўйлайдилар. Ҳукумат бошлиқлари ва ҳокимят бўғинларини назорат остида ушлаб турадиган қоидалар тизими айнан Конституцияда белгиланади.

* * *

Конституция миллатнинг бирлашувига ёрдам беради. Аммо миллатлар конституциясиз бирлашверган. Конституция қонунлар тизими пойдеворидир. Аммо қонунлар конституциясиз ҳам мавжуд бўлган. Конституция мамлакатнинг бошқарув ва маъмурий худуд тизимларини белгилаши мумкин, аммо бу Конституциянинг асосий мазвзуси эмас. Конституциянинг асосий мавзуси – миллатни давлат зўравонлигидан ҳимоя қилиш. Конституцияснинг мазмуни давлат раҳбар/раҳбарлари қуюшқондан чиқиб кетиб хоҳ якка шаҳсга, хоҳ бирон жамоага, хоҳ бутун халққа зулм ўтказишдан тўсиб турувчи механизмни таъминлашдир.

Давлат раҳбариятига кирмаган киши Конституцияни буза олмайди, чунки оддий фуқарода бундай имкониятининг ўзи йўқ, унда ҳокимият йўқ! Оддий фуқаролар жиноят содир этганларида фақат айрим қонунларни (жиноий, солиқ, фуқаролик кодекслари ва ҳоказо қонунларни) буза олади. Конституцион тузумга қарши чиқиш авваламбор ҳукумат тарафидан содир этилиши мумкин, ва шу иши учун улар маҳсус жавобгарликка тортилади.  Конституция бош раҳбарни тийиб турмаса у – ноқис конституция. Конституция раҳбарни тийиб туриши амалада бўлмаса, бу Конституция умуман амалда эмас.

Хозирги кунларда АҚШ импичменти жараёнини кузатиб боришда мавзуимиз учун амалий намуна кўриш мумкин. Ундаги президентга қўйилган айбловлари тафсилотларидан кўра қонун қоидалар қандай тузилгани эътиборга лойиқ.  Ундан ташқари, Эрон билан бўлган можаро сабабидан Конгресс рухсатисиз давлатлараро урушга сабаб бўладиган ҳарбий операцияларни уюштиришни ман қилиш ҳақидаги парламент қарори ҳам давлат тизимини мувозанатда ушлаб туришга қаратилган. Ҳукумат раҳбариятини назоратда сақлашнинг айнан шу механизми Александр Ҳамилтон ва унинг федералист ҳамроҳлари таклиф қилган эдилар.

* * *

“Федералист” туркумидаги мақолалар “давлатчилик инжинерларининг” ёзиб қолдирган ноёб ғоявий ва амалий асардир, ундан олинган ҳулоса ва изоҳларимизни кузатиб боришни тавсия этамиз. Кейинги уч мақола Александр Ҳамилтонга тегишли бўлиб, учун унинг қисқа тарижимаи ҳоли билан ҳам танишиб ўтамиз.

Аввалги мақолалар:

Федералист №1: “Давлатга пойдевор қўйган "уч блогер". Кириш”
Федералист №2: “Бирлашиш аҳамияти”
Федералист №3: “Ташқи ва ички хатарлар”
Федералист №4-5: Хулосалар. Жон Жей таржимаи ҳолидан лавҳалар


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.