Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳафта суратлари: Австралияда ёнғин, Венецияда тошқин, Берлин девори қулаганига 30 йил тўлди, мустақиллик истаган каталонияликлар
19.11.2019 23:59,  
290

Ўтган ҳафтада машъум Берлин девори қулаганининг 30 йиллиги нишонланди, Боливия президенти Эво Моралес вазифасидан истеъфо бериб, Мексикага қочди, Австралия жанубида ўрмон ёнғинлари, сув шаҳри Венецияда эса сув тошқинлари содир бўлди. Шунингдек, Ҳонгконг, Чили ва Ироқда намойишлар давом этди. Қароргоҳи Лондонда жойлашган The Guardian нашри ўтган ҳафта бутун дунёда содир бўлган шу ва бошқа воқеаларнинг ўз наздидаги энг муҳимларига диққат қаратди.

Полиция Ҳонгконгнинг марказий туманида икки кишини ҳибсга оляпти. Ўтган ҳафта бир полициячи ниқоб таққан намойишчини отгани билан ёдда қолди. Шаҳарда Хитой сиёсатига қарши ўтаётган намойишларнинг охири кўринмайди.

Ла Пасда собиқ президент Эво Моралес тарафдорлари юриши вақтида аскарлар олдидаги аёл йиғлаяпти. Боливиянинг собиқ президенти Моралес сўнгги сайловлардан кейин уч ҳафта давом этган намойишлар манзарасида 11 ноябр куни истеъфо берди ва Мексикадан сиёсий бошпана олиб, 12 ноябр куни Мехикога учиб кетди.

Вашингтондаги Капитолий биносида ўтган Миллий хавфсизлик қўмитасининг биринчи умумий импичмент эшитувидан олдин Лонгворс Ҳаус оффисида тўпланган матбуот ходимлари. Қўмитадаги демократлар Доналд Трамп ҳарбий ёрдам бериш эвазига Украинани ўзининг сиёсий рақиби Жо Байденга қарши иш очишга ундаб товламачилик қилгани, пора бергани ёки мажбурлаганида айблаб иш очишга ҳаракат қилмоқда.

Демократия тарафдори бўлган намойишчилар Толо магистрал йўлининг бир қисми бўлган кўприк устида, Ҳонгконгдаги Хитой Университетига яқин жойда тўпланган. Намойишчилар йўлларни тўсиб қўйиш, баъзи жойларни вайрон қилиш орқали халқаро молия маркази бўлган бу шаҳарнинг ҳаётини фалажламоқда. Ўтган ҳафта сўнгги беш ойлик намойишлар тарихидаги энг шиддатли норозилик ҳафтаси бўлди.

Иқтисодий тенгсизлик ва ҳукумат сиёсатига қарши давом этаётган Чили намойишларида полиция зобити норозиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаяпти. Пойтахт Сантягодаги талабалар намойиши дастлаб ўтган ой аввалида, метродаги йўл ҳақи ошганига қарши бошланган эди. Кейинчалик бу ҳаракат коммунал хизматларни яхшилаш, нафақаларни ошириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ислоҳ қилиш талаблари янграган кенг миқёсдаги намойишларга айланиб кетди.

Ўт ўчириш ва қутқариш хизмати зобитлари Австралиянинг Янги Жанубий Уэлс штати Коло тепаликлари яқинида Госперс тоғидаги ёнғинни кузатиб турибди. Қуруқ, иссиқ ҳаво ва кучли шамоллар таъсирида Янги Жанубий Уэлсда ўтган ҳафта ўрмон ёнғинлари кучайди.

Шерни Морен ва унинг 1,5 ёшли қизи Шарлотта ўрмонлар ёнишидан ҳосил бўлган тутунни кузатяпти. Янги Жанубий Уэлс атрофида назоратдан чиқиб кетган 80 дан ортиқ ўрмон ёнғинлари натижасида 150 та уй вайрон бўлган, уч киши ҳалок бўлиб, беш киши бедарак йўқолган.

Сантягода намойишчилар ва полиция тўқнашувидан бир лавҳа. Ҳукумат ўтган ҳафта мамлакатнинг янги конституциясини ёзиш жараёни бошланишига розилигини эълон қилди. Бу сўнгги ҳафталарда кўчаларни тўлдирган норозилик ҳаракати қатнашчилари қўяётган талаблардан биридир.

Венециядаги сув босган Авлиё Марк майдони. Ўтган ҳафта шаҳардаги сув сатҳи 187 см га кўтарилиб, Венециянинг 85%и сув остида қолди. Бу ерда сув сатҳининг энг юқори кўтарилиши 194 см бўлиб, бу 1966 йилдаги тошқинда содир бўлган.

Сан-Францискодаги уйлардан бирининг ён томонига чизилган швециялик ўсмир қиз Грета Тунберг сурати. 16 ёшли Грета иқлим ўзгаришларига қарши тадбирлардаги иштироки ва оташин нутқлари билан машҳур. У сентябр ойида Ню-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясида барча мамлакатлар раҳбарларига мурожаат қилиб, уларни иқлим ўзгаришларига қарши фаолроқ курашишга ундади.

Дунёнинг бошқа бир нуқтаси – Ироқда ҳам аксилҳукумат намойишчилар ва полиция кучлари ўртасида тўқнашувлар кетяпти.

Сурия-Туркия чегарасидаги Дарбасия шаҳарчасида қўриқчилик қилаётган турк-рус ҳарбий бўлинмалари техникасини сурияликлар тошбўрон қилмоқда. Улар хорижий кучлар бу ерда эканлигидан норози.

Совето регби мактаб-академияси талабаси дарс бошланишини кутиб турибди. Бу академия Йоҳаннесбургга ёндош, 1,3 миллион аҳоли яшайдиган Совето шаҳридаги учта регби мактабидан бири саналади.

Грециядан келган сайёҳ Берлин деворининг қолдиқларидан бири олдида турибди. Ўтган ҳафта, 2019 йил 9 ноябр куни Берлин девори қулаганига 30 йил тўлди. Берлинни, умуман олганда Германияни иккига бўлиб турган бу девор СССР қўллаб-қувватлови билан Германия Демократик Республикаси томонидан қурилиб, 1961-1989 йиллар мобайнида мавжуд бўлган.

Никосия аэропортидаги БМТ оралиқ ҳудудида қолдириб кетилган Кипр Ҳаво Йўллари самолёти. Айни ҳудуд жанубдаги греклар назоратидаги Кипр ва шимолдаги турклар назоратидаги Кипрни иккига ажратиб туради. Дунё Берлин девори қулаганининг 30 йиллигини нишонлар экан, Кипрдаги бўш уйлар, одам яшамайдиган ҳудудлар ва қумқоплардан тикланган деворлар унинг Европадаги иккига бўлинган сўнгги мамлакат эканлигини эслатиб туради.

Каталония мустақиллиги тарафдорлари Салтдаги энг асосий магистрал йўлни тўсиб қўйди. Франция полицияси бу намойишчилардан 18 нафарини ҳибсга олди, сўнгги 24 соат давомида тўсиб қўйилган Франция ва Испания ўртасидаги асосий магистрални одамлардан бўшатиш учун учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди.

Шотландиядаги Уилям Фортида ҳозирда хизматда бўлган ҳарбийлар ва нафақадаги ветаранлар иштирокида ўтган Якшанбалик Хотира маросими. Ҳар йили ноябрнинг икинчи якшанбасида Буюк Британияда ҳар икки Жаҳон урушида ҳалок бўлганларни хотирлаш маросими бўлади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан