Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз – Шавкат Мирзиёев

Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз – Шавкат Мирзиёев

Аввал хабар қилганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 сентябрь куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълум қилинишича, таҳлиллар асосида ҳудудлардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати «яхши», «ўрта» ва «қониқарсиз» ҳудудларга ажратилди. Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат «яхши», 119 тасида «ўрта» ҳамда 33 тасида «қониқарсиз» деб топилган.

“Бизда 33 та «қониқарсиз» туман бор. Уларнинг ҳаммаси ишдан кетиши керак. Тўртта сектор раҳбари ҳам кетади” - деди президент.

Президент 33 та «қониқарсиз» туман ҳокими ва сектор раҳбарлари ишдан кетиши кераклигини айтди (видео)

Иқтисодий комплексга кирувчи вазирлик ва муассасалар «тадбиркорга хизмат қилувчи» ташкилотга айланиши зарурлиги таъкидланди. «Қониқарсиз» деб баҳоланган туман ва шаҳарларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, «яхши» ҳудудларнинг тажрибасини оммалаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Мисол учун, Самарқанд туманида ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 1,1 триллион сўмни ташкил этиб, аҳоли жон бошига 4,5 миллион сўмдан тўғри келган. Бу Самарқанд вилоятидаги энг юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, 508 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, янги иш ўринларининг 71 фоизи кичик бизнесда очилган. Маҳаллий бюджет тушумлари сўнгги уч йилда 2 баравар ортган.

Шунингдек, Қамаши туманида сўнгги уч йилда 802 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, ишламаётган 132 та корхона қайта тикланган. Экспорт ҳажми ўтган йилгига нисбатан 1,5 баробар ошган.

Аксинча, Нукус, Балиқчи, Бекобод, Ховос, Бахмал, Мирзачўл, Янгиқўрғон, Шовот, Касби, Қумқўрғон, Учтепа каби туманлардаги аҳвол қониқарсиз. Аслида уларда ҳам етарлича салоҳият ва инфратузилма бор.

Масалан, Қумқўрғон тумани тадбиркорлик кўрсаткичлари бўйича Сурхондарё вилоятида энг охирги ўринлардан бирида. Лекин у ерда 124 минг гектар яйлов ва 48 минг гектар оборотдан чиққан ер бор. Улардан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмаган.

Бекобод туманида ҳам кичик бизнес улуши республикадаги энг сўнгги ўринлардан бирида. Туманда йилига 36 минг тонна пахта, 100 минг тонна дон етиштирилса-да, қайта ишланмайди.

Мутасаддиларга «қониқарсиз» деб баҳоланган туманларда муҳандислик коммуникацияларини яхшилаб, кичик саноат зонаси ташкил этиш, яйловларда чорвачилик, қоракўлчилик, йилқичиликни ривожлантириш, чегараолди савдо ва хизматларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди. 

Яхши кўрсаткичларга эришган туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари маошига 30 фоиз устама тайинланиб, аҳвол қониқарсиз бўлган ҳудудлар раҳбарларига жарима қўлланиши айтиб ўтилди.

– Одамларимиз турмушини яхшилашга ҳаракат қилмаган раҳбар бир кун ҳам ишламайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

«Қониқарсиз» ҳамда «ўрта» деб баҳоланган туман ва шаҳарларда инқирозга қарши бошқарув тизими жорий этилиши белгиланди. Яъни, уларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши мумкин. Халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланади.

Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз, – дея таъкидлади президент.

Шунингдек, йиғилишда янги корхоналар ташкил этиш, борларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. Видеоселектор йиғилишида сўзга чиққан ҳокимлар тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча захираларни ишга солишга доир режаларини баён қилди.