iPhone 12'ларни ишлаб чиқариш қачон бошланиши очиқланди

iPhone 12'ларни ишлаб чиқариш қачон бошланиши очиқланди

Мобил саноат ички манбаларининг таъкидлашича, Apple'нинг навбатдаги iPhone флагманларини ишлаб чиқариш тез орада, яъни июль ойидан бошланади, аммо бу ҳар йилгидан кеч вақтдир.
Apple'дагилар iPhone 12 тақдимотини iPhone X тақдим қилинган пайтга яқин сана (октябрь охири, ноябрь боши) да ўтказишни режалаштираётгани ҳақида бир неча хабарлар тарқалаган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, iPhone таъминоти занжирига алоқадор манбалар 2020 йилги iPhone'ларни ишлаб чиқариш тез орада бошланиши хабарини бермоқда.

Кузда тақдим қилинувчи iPhone'ларни оммавий ишлаб чиқариш ўтган йилларда май/июнга тўғри келган бўлса, бу йилги жараёнлар июль, ҳаттоки, августдан бошланиши ҳам мумкин.

Digitimes'нинг ёзишича, 6,1 дюйм диагоналли экранга эга iPhone 12'лар айнан юқорида кўрсатилган даврдан бошлаб ишлаб чиқарилади. Apple бу йил жами тўртта флагман тақдим қилмоқчи, шулардан иккитаси 6,1" экранли бўлади.

6,1" лик бу икки iPhone ҳозирги iPhone 11 Pro'нинг янги талқини ва янгича iPhone 12 Max'лар бўлиши айтилмоқда. 5,4 дюймли дисплейга эга iPhone 12 ва 6,7 дюймли iPhone 12 Pro Max'ларнинг эса қачондан чиқарила бошлаши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Ишлаб чиқариш ва тақдимотнинг кечишига нафақат коронавирус пандемияси ва таъминотдаги узилишлар, балки iPhone'ларга бўлган талабнинг камлиги ҳам сабабчи.