Жиззахда коронавирус қурбони бўлган отахоннинг 70 ёшли аёли ҳам ушбу вирусдан вафот этди

Жиззахда коронавирус қурбони бўлган отахоннинг 70 ёшли аёли ҳам ушбу вирусдан вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида яшовчи 70 ёшли онахон Ф.О. (унинг турмуш ўртоғи, коронавирусга чалинган 72 ёшли отахон Қ.Р.нинг вафот этгани ҳақида аввал хабар берган эдик) жорий йил 20 июнь куни коронавирусга гумон қилиниб, карантинга олинган эди.

23 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга «Юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали бронхит ва сурункали юрак етишмовчилиги, бўйин умуртқалари остеохондрози» ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал, охирги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, бўйин умуртқалари остеохондрози ташхиси билан даволаниб келган.

Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи маҳаллий шифокорлар билан бир қаторда мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари томонидан ҳам назоратга олиниб, консилиумлар ўтказилган.

Сўнгги кунларда беморнинг нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига олинган.

Бироқ мутахассисларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Шу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 25 кишига етди.