Кеча Ўзбекистон бўйлаб 8 та ҳудудда аҳолидан коронавирус аниқланди​

Кеча Ўзбекистон бўйлаб 8 та ҳудудда аҳолидан коронавирус аниқланди​

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, аҳоли орасида коронавирус қайд этилиши ҳолатлари мамлакатимиз бўйлаб барча ҳудудларда кузатилмоқда. Жумладан, 23 июнь куни 8 та ҳудудда: Хоразм, Наманган, Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 30 ҳолатда аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар аниқланган.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Силга қарши курашиш диспансери ходими Ф.К. ва унинг ўғлида, Сирдарё вилояти Боёвут туманида яшовчи А.Р.да (тана ҳарорати тушмаётганлиги сабабли ўзи бориб намуна топширган), Наманган вилояти Поп тумани ҳарбий қисм ходими Ш.Н.да (профилактик текширув мобайнида аниқланган), ушбу вилоятдаги “Турон Мегастрой” корхонаси ишчиси М.Б.да (Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлган), Учқўрғон туманида яшовчи М.А.да (қурилиш компаниясида ишлаб кетган), Хоразм вилоятида “Хоразм гиламлари” МЧЖнинг 6 нафар ишчисида коронавирус тасдиқланган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи И.Н.да (тана ҳарорати кўтарилган ва йўтал безовта қилгани сабабли намуна топширган), Тошкент туманида яшовчи А.А.да (шифохонага ётиш мақсадида намуна топширган), Чиноз туманида яшовчи Ж.Э.да (тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ бўлганлиги учун намуна топширган) касаллик қайд этилган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

Кўриниб турибдики, юртимизнинг қайси ҳудудида бўлишидан қатъий назар ҳар бир фуқарода коронавирус юқтириб олиш хавфи мавжуд. 

Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, энг аввало, тозаликка қатъий риоя қилишни, аҳолидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик, кўчада бўлган вақт эса  ижтимоий масофани сақлаш, ниқобларни тўғри тақиб юриш, қўлларни яхшилаб, қайта-қайта ювиш каби карантин қоидаларига доимий равишда қатъий риоя этишларини сўраб қолади" - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.